Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ҳозирги лавозимга тайинлангани ва Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ишлагани ҳақида гапириб берди.

Ҳоким лавозимига тайинлангани ҳақида

Элбек Шукуровнинг эслашича, барчаси коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда, у жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари сифатида ишлаётганида бошланган.

«Мен шаҳар ҳокимининг олдига келиб, ‘Қандай ёрдам берай?', деб сўрадим, чунки тиббиёт учун масъул комплексни бошқараётгандим. Ўшанда у ‘Ўзэкспомарказ' билан шуғулланишни сўради (у ерда бир неча ой давомида коронавирусга чалинган беморлар учун тақсимот маркази фаолият юритди — таҳр.). Биз ҳоким билан биргаликда ишни ташкил қилдик. Мен доим ўша ерда эдим, яшадим. Адашмасам, бу июль ойи эди», — айтади ҳоким.

Шу вақт оралиғида Сергели туман ҳокими лавозимидан озод қилинди. «Бир куни тушлик вақтида Жаҳонгир Ортиқхўжаев: ‘Мана, сен спортга кетиб қолдинг, ваҳоланки, яхши ишлаётгандик', деди». Элбек Шукуров бунга жавобан «қалбан ҳар доим ҳокимликда экани ва келажакда у ерга қайтиш нияти бор"лигини айтган.

«Орадан икки-уч ҳафта ўтиб, у менга: ‘Сен қалбан ҳокимликда сан-ку, мен сени Сергели тумани ҳокими лавозимига тавсия қилдим. Нима дейсан шунга?', деди. Мен: ‘Сиз билан ишлашга жон деб бораман', деб жавоб бердим», — деб эслайди Элбек Шукуров.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқкхўжаев ҳақида

«Ўзбек тилида ‘чапани' деган сўз бор. Бу дангалчи, маҳалладан чиққан, ўз ҳаракатларини қандайдир безамайдиган одам. Тўғридан-тўғри, очиқчасига нимадир дейди, нимадир қилади. Тўғриси, раҳбар одам учун, назаримда, бу яхши хусусият», — деди Элбек Шукуров.

Сергели тумани ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга хос фикрлашини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, у ёки бу муаммони ҳал этишда пойтахт ҳокимида «мутлақо фарқланадиган фикр, бошқача қараш бўлади. Айнан мана шундай фикрлаш баъзан тўғри, эҳтимол, ғайриоддий ечим топишга ёрдам беради».

«У менежер сифатида, бошқарувчи сифатида, катта бизнесни, катта жамоани, йирик компанияни бошқарган одам сифатида, менинг назаримда, энг мос инсон. Сиёсатчилар, албатта, сўзини эҳтиёт бўлиб, танлаб гапирадиган, қандайдир жумлаларни ва ҳаракатларни танлаб қиладиган одамлар бўлса керак. Мана шу масала бўйича, эҳтимол, уни энг кўп муҳокама қилишади. „Нимадир деди, ниманидир ўйламади, нимадир қилмади“. Бу, балки, уни сиёсатчидан фарқлаб турадиган ва бошқарувда, имижни яратишда ҳалақит қиладиган жиҳатидир», — дея таърифлади Сергели раҳбари пойтахт ҳокимини.

Шукуровнинг таъкидлашича, Тошкентнинг раҳбари ҳаётда «ОАВда ёки қандайдир йиғилишларда чиқиш қилаётган одамдан бироз фарқ қилади». Ҳоким билан ўзаро суҳбат давомида у иш ва халқ тўғрисида қандай қайғураётганини кўриш мумкин, «бироқ матбуот хизмати буни кўрсатиб беролмайди».

Пойтахт ҳокимлигига нисбатан бўлган негатив ҳақида

Элбек Шукуровнинг таъкидлашича, пиар масаласидаги хатоликлар бошида Тошкент шаҳар ҳокимлигида оғриқли қабул қилинган, бироқ кейин «ҳокимнинг ўзи бунга қандай муносабат билдираётганини кўриб», вазият ўзгарган.

«„Любая бизнес хороша“ деган гапни ўзимиз ҳам тез-тез муҳокама қилиб турамиз, шаҳар ҳокимининг ўзи ҳам баъзан шу гап устидан ҳазил қилади. Баъзида унинг олдида шу гапни ўзимиз ҳам ишлатамиз. Агар қандайдир жиддий муаммога тааллуқли бўлмаса, оғриқли эмас», — деди туман ҳокими.

Шу билан бирга, Элбек Шукуровнинг фикрига кўра, тошкентликларнинг шаҳар маъмуриятига нисбатан баҳсли, баъзида салбий муносабатда бўлиши «кўп жиҳатдан одамлар фақат шаҳар ҳокимини билиши», унинг ўринбосарлари ва бошқа масъул шахсларни танимаслиги билан боғлиқ.

«Кўп яхши ишлар қилинган, бироқ уларни тез унутамиз, ҳокимлик деганда кўпроқ хатолар хаёлга келади. Ҳоким ўринбосарлари ва бошқа масъул шахслар кўпроқ мулоқот қилганда эди, медиа учун очиқроқ бўлса, ҳокимлик ҳақида тасаввур бутунлай бошқача бўларди», — дейди ҳоким.

«Раҳбар сифатида, у (Жаҳонгир Ортиқхўжаев — таҳр.) демократ. Бу қарорларни қабул қилиш жараёнида айниқса яққол сезилади. У ҳар доим ўз ўринбосарлари, ходимлари билан маслаҳатлашади», — дея сўзини тугатди Сергели тумани ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари ва Тошкент ҳокимининг ўринбосари бўлган Элбек Шукуров ўтган йилнинг август ойида Сергели тумани ҳокими этиб тайинланган эди.