Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида туман ҳокимларининг ойлик маоши миқдорини маълум қилди.

«Ҳоким „премия“ билан 5 млндан 6 млн сўмгача олади. Иш ҳақи миқдори бир хил, лекин туманлар ҳокимлари ўз ходимларига ўзлари бажарган бюджетига қараб рағбат пулларини белгилаш ҳуқуқига эга», — деди у.

«Маълум бир маблағ бўлади, агар сиз бу бюджетни амалга оширсангиз ҳисобингизда қанчадир миқдорда маблағ пайдо бўлади. Улардан маълум миқдорини эҳтиёжларга йўналтира оласиз, яъни ўзингиз уни тақсимлашингиз мумкин», — тушунтирди Элбек Шукуров.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, у ўзига бошқа ходимлар билан бир хил «премия» пули ажратади.

«Агар ўзимга рағбат пулини ёзмасам, «унга иш ҳақи керак эмас, кимдир унга [пул] олиб кириб беради» деб ўйлаши аниқ. Кўпроқ ёзиш — адолатдан эмас. Чунки улар мендан кам ишлашмасликларини кўраман. Шунинг учун ўртача «премия» ёзилади. Қайсидир ходимларимнинг «премия"си меникидан ҳам кўп бўлади. Мен ўзим белгилайман. Уларнинг орасида ҳақиқатда кўпроқ ишлаб, ўзини кўрсатганлар бўлади», — дея таъкидлади Сергели тумани ҳокими.