Ўзбекистонда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мусулмонларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Масжидларда шанба, 10 апрелда «Озодалик куни» ўтказилади.

«Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади», — дейилади хабарда.

Имом-хатиблар томонидан ОАВ ва интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлар ташкил этилади.