29−31 март кунлари Венгрия бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов пойтахтда ўтказилган брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг таъкидлашича, «бўлажак олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади».

«Савдо-иқтисодий алоқалар ҳақида гапирганда, сўнгги 4 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси деярли 3 баробарга ошган. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам товар айирбошлаш самарали бўлиб, ҳажми анча кўпайган. Албатта, ҳозирги натижалар мавжуд салоҳиятга нисбатан анча кам. Ташрифдан асосий мақсад ҳам товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш. Қайта ишлаш саноатида, қишлоқ ва сув хўжалиги, фармацевтика, туризм йўналишларида ҳали фойдаланилмаган жуда катта имкониятларимиз бор», — деди Асадов.

Қайд этилишича, «бугун Тошкентда Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади».


«Йиғилишда Венгриянинг 40 дан ортиқ йирик компания ва молиявий тузилмаларининг раҳбарлари қатнашиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ўзбекистонлик ҳамкорлари билан бирга ишлаб чиқишади. Бундан ташқари, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий-ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини қўллаш мўлжалланган. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи бугун келиши ҳам кутилмоқда», — деди президент матбуот котиби.

Ташриф якунида иқтисодиёт, энергетика, таълим ва кадрлар тайёрлаш, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик, бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Бош вазир Виктор Орбаннинг илмий тадқиқот ва тарихий объектлар билан танишиши ҳам режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) видеоанжуман шаклида ўтадиган норасмий саммитида ҳам қатнашади.

Қозоғистон ташаббуси билан чақирилаётган бўлажак олий даражадаги учрашувда Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, 2009 йил 3 октябрь куни ташкил этилган кенгашга Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо. Бундан ташқари, Венгрия Туркий кенгаш ишида кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бу кенгашга 2019 йилда қўшилган. Ўша йили 15 октябрда Бокуда бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этган.


«Бўлажак норасмий саммит 31 март куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Анжуман ўша куни, фақат бутун дунёда эпидепиологик вазият туфайли видеоконференция шаклида ўтказишга келишиб олинди», — деди Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари ўз нутқида бирлашмага аъзо мамлакатларнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришга доир ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Туркий тиллий мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ва ишончни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ташкилотнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Туркий кенгашнинг олий органи — Давлат раҳбарларининг кенгаши, доимий фаолият юритувчи ижро органи — Истанбул шаҳрида жойлашган Котибият.

Бундан ташқари, ТТДҲК шафелигида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) ва Туркий маданият ва мерос фонди, Халқаро Туркий академия ва Ишбилармонлар кенгаши фаолият юритмоқда.

Брифингда «келгусида ҳам ушбу форматда ОАВ вакиллари билан учрашувлар давом этишини» таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбарининг брифинглари Комил Алламжонов даврида амалга оширилар эди. Ўшанда матбуот котиб давлат раҳбарининг халқаро ва маҳаллий ташрифлари, муҳим учрашувлар ҳақида ахборот (1, 2, 3) берар эди. Унинг лавозимдан озод этилиши билан ОАВ вакиллари учун ўтказиладиган брифингларда ҳам тўхтаб қолди.

Комил Алламжонов 2017 йилнинг декабрида Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимига тайинланган эди. У қарийб бир йил мобайнида, 2018 йилнинг ноябрига қадар мазкур лавозимда фаолият юритди.

Президент ўтган ҳафтада бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши давомида Шерзод Aсадовни президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари — президент матбуот котиби лавозимига тайинлаган эди.