2021−2022 ўқув йилида ОТМларга қабулнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Давлат буюртмаси параметрлари доирасида ёшларни олий таълимга қамраб олишни кенгайтириш, давлат гранти асосидаги давлат буюртмаси параметрларини 2020−2021 ўқув йилига нисбатан 25 фоизга оширилган ҳолда белгиланиши кутилмоқда.

Жамиятда аёллар ролини ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун «ижтимоий лифт» тамойили асосида хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш мақсадида алоҳида грант ўринлари икки баробарга оширилади.

ОТМларга ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш бўйича кадрлар буюртмачилари эҳтиёжларини «quota.idm.uz» электрон портали орқали аниқланади.

Вазирлик ва идоралар, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёж юқори бўлган йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашда давлат грантини нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳам берилади.

Олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида тақсимланади.

Давлат олий таълим муассасаларига Давлат буюртмаси параметрлари:

бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига — 115 343 нафар (шундан грант — 29638 нафар, контракт — 85705 нафар);
  • сиртқи таълим шаклига — 36 211 нафар;
  • кечки таълим шаклига — 6 325 нафар.

магистрлар тайёрлаш бўйича — 12 914 нафар (шундан грант — 7068 нафар, контракт — 5846 нафар);

  • нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари 56 нафар.

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 2000 нафар қўшимча давлат гранти ажратиш таклиф этилмоқда.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 23 январида Ҳукумат қарори билан Хотин-қизлар учун қўшимча грант асосида ОТМга кириш тартиби белгиланган эди. Унга кўра, тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади. Ўтган ўқув йили учун Республика бўйлаб жами 940 нафар хотин-қизга тавсиянома ажратилган эди.