БМТ агентликлари Қорақалпоғистонда ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурни амалга оширади. У БМТнинг Ўзбекистонни Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди томонитдан молиялаштирилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Дастур «Оролбўйи ҳудудининг яхши ҳимояланмаган ҳамжамиятларидаги иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларни ҳал қилиш учун ёшлар ва заиф аҳолининг мослашув салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали ижодий ва инновацион имкониятларини ривожлантириш» деб номланди.

Қўшма дастурнинг мақсади — қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш ва унга инновацияларни жорий этиш, мақбул инфратузилмага эга бўлган «ақлли» ва «рақамли» ҳамжамиятларни ривожлантиришдан иборат.

Дастур 14дан 30 ёшгача бўлган ёшлар, аёллар, ҳамда ногиронлиги борлар, аёллар бошчилигидаги оилалар, меҳнат муҳожирлари ва аҳолининг бошқа заиф қатламларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмак бериши кутилмоқда. Умуман олганда, дастур доирасида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Бозатов ва Қўнғирот туманларининг 183200 нафар аҳолиси бенефициар бўлишади.

Дастур икки ярим йилга мўлжалланган ва 2023 йилгача бўлган даврни қамраб олади.

Қўшма дастур БМТ Тараққиёт Дастури, БМТнинг Аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси (ЮНФПА) ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилади.