28 март куни мамлакат бўйлаб кузатилган ёғингарчилик айрим вилоятлардаги ҳудудлар сел остида қолишига олиб келди.

27 март куни ФВВ республика бўйлаб сел хавфи бўлишини маълум қилган эди. Наманган (19%), Фарғона (14%), Сурхондарё (13%), Тошкент (12%), Самарканд (12%) ва Қашқадарё вилоятлари (12%) ҳудудлари сув тошқини-сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади, дейилганди хабарда.

«Дарё» нашрининг ёзишича, ёғингарчилик Самарқанд ва Навоий вилоятларида кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқарган.

Самарқанд вилояти

Вилоятнинг Каттақўрғон, Пайариқ, Пахтачи, Қўшработ туманларида сел келиши ҳолатлари кузатилган.

Каттақўрғон туманининг Олтинсой, Жарбоши, Мойбулоқ қишлоқларига катта сел келган. «Ҳамманинг уйи сув остида қолди… Сув борган сари кўпайяпти», — дейди тумандаги селлардан бирини видеога олган фуқаро. Селлар оқибатида машиналар ҳам оқиб кетгани айтилмоқда. «Бунақанги сел тарихда бўлмаган», дейди маҳаллий аҳоли.

Пайариқ туманида сел оқибатида кўприклар бузилгани, соҳилнинг нариги томонига ўтиш имкони йўқлиги айтилмоқда.

Иштихон туманида катта сел келиб, узумзорларни босиб кетгани, уйларга ҳам сел чиққани айтилган.

Қуйида Пахтачи ва Қўшработ туманларида ҳам катта сел келгани акс этган видеоларни кўриш мумкин.

Навоий вилояти

Вилоятнинг Нурота, Хатирчи ва Кармана туманларида сел келиши ва сув тўпланиши ҳолатлари қайд этилган.

Нурота туманида сел тиркамасида одам бўлган машинани оқизиб кетган.

Қуйида Хатирчи ва Кармана туманларидаги тошқин ҳолатларини кўриш мумкин.

Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ФВБ сел фуқароларга ва биноларга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатилмаганини маълум қилди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, шу куни соат 09:20 дан 09:35 қадар кузатилган ёғингарчилик оқибатида вилоятнинг Навоий шаҳри Кармана ва Хатирчи тумани ҳудудидаги айрим йўл ва аҳоли томорқаларига сув тўпланган. Жумладан, Кармана туманида 21 та ҳовли томорқаларига, Хатирчи туманида 15 ҳовли томорқаларига сув кириши ҳамда Навоий шаҳри марказий деҳқон бозори ҳудудида сув тўпланиши кузатилган.

«Юзага келган вазиятлар оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлган фуқаролар йўқ. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади», — дейилади баёнотда.