25 март куни парламент Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда сиёсий партия раҳбарлари 2020 йил бўйича молиялаштириш манбалари тўғрисида ҳисобот беришди.

Ўзбекистон либерал демократик партияси раиси Акмал Ҳаитовнинг ҳисоботига кўра, 2020 йилда партия ҳисоб рақамига 35 млрд 318 млн 862 минг сўм келиб тушган. Бу 2020 йил бўйича сиёсий партия орасида энг катта кўрсаткич.

Партияга келиб тушган маблағлардан 29 млрд 577 млн 131 минг сўми (84%) давлат бюджетидан келиб тушган. Қолган маблағлар аъзолик бадаллари, ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари, тадбиркорлик фаолиятидан келган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясига ўтган йил давомида 23 млрд 842 млн 410 минг сўм келиб тушган. Партия фаолиятини молиялаштиришга йуналтирилган умумий маблағнинг 48 фоизи партиянинг ўз маблағлари бўлган. Бу 2019 йилга нисбатан 3 фоизга кўпроқ.

«Миллий тикланиш» демократик партияси ҳисоб рақамига 2020 йилда 22 млрд 276 млн 323 минг 900 сўм келиб тушган. Шундан 20 млрд 113 млн 494 минг сўм сўм давлат бюджети маблағлари. Бу умумий маблағнинг 90%га тенг. 2020 йил давомида партиянинг умумий харажати 21,6 млрд сўмни ташкил этган.

«Адолат» социал-демократик партиясига 2020 йилда 14 млрд 206 млн 929 минг сўм маблағ келиб тушган. Партия йил охиригача 13,8 миллиард сўм сарфлаган.

Ўзбекистон Экологик партияси раиси берган ҳисоботга кўра, партия ўтган йилда 8 млрд 342 млн 51 минг сўм сарфлаган.

Маълумот учун, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги қонунга биноан сиёсий партия Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сонига қараб ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат томонидан молиялаштириш маблағларини олиш ҳуқуқига эга.