26 март куни пезидент Шавкат Мирзиёев «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, олиб борилаётган ишларга қарамай, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди:

  • «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;
  • оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш;
  • тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш;
  • эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;
  • маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш;
  • геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

Республиканинг барча вилоят ва туманларида ҳудудларда барқарор ижтимоий ва маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли онгида маънавиятни ошириш мақсадида «Маънавий ва маърифат маскани» яратилади.

Шунингдек, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб университетларда бакалавриат босқичида «Маънавиятшунослик», магистратура босқичида «Касбий маънавият» фанлари киритилади.