Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон президентининг «Электрон тижорат маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида"ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва 7 мартда якунланди. Давлат солиқ қўмитаси аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушган таклифларни таҳлил қилди ва таҳлилий ишлар натижасида лойиҳага бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, электрон тижоратни амалга ошириш тартибини эркинлаштириш ва аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва натижада аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ишлаб чиқилган лойиҳага ўзини ўзи банд қилувчи шахсларга электрон тижоратни амалга ошириш ҳуқуқини бериш нормасини киритишга қарор қилди.

ДСҚ нуқтаи назарига кўра, бу каби нормалар электрон тижорат сегментини «оқартириш»да мутлақо янги имкониятларни яратади, чунки ҳозирги кунда ўзини ўзи банд қилганлар учун бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилган.

Масалан, фаолиятни рўйхатдан ўтказиш ва амалга ошириш жараёнининг соддалиги фуқароларнинг харажатларини камайтиради. Чунки ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш ва солиқларни тўлаш махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинетда «биргина тугмани босиш» орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 369-моддасига асосан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахсларнинг жами даромадларига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат стажига эга бўлиши учун эса бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши лозим. (БҲМ — 2021 йил учун 245 минг сўм.)

Лойиҳада электрон тижоратни ривожлантиришга қаратилган бир қатор бошқа рағбатлантириш чоралари ҳам назарда тутилган, хусусан:

электрон тижорат билан шуғулланадиган барча субъектларнинг айланмадан олинадиган солиқ ва фойда солиғи ставкалари электрон тижоратдан олинган даромад миқдоридан қатъи назар, 50 фоизга пасайтирилади;

товарлар (хизматлар) электрон савдоси билан шуғулланувчи ёшларга айрим солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилади.