Тошкент шаҳрида тез ёрдам бригасида келган шифокор дўппосланди. Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 26 март куни соат 23:43 да Тошкент шаҳридаги «103» диспетчерлик хизматига Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушади.

Манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор — 1995 йилда туғилган Бахромжон Ҳазратов) 7 дақиқа ичида етиб боради.

Хабарда айтилишича, бемор кўрикдан ўтказилаётганида тўсатдан шифокорга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказади.

Тез ёрдам шифокорининг олган жароҳатидан кучли қон кетаётганлиги сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса унинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта оғирлигини инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

«26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б. Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда. У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган», — дея маълум қилди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов.

Бундан аввал, 24 март куни кечки соат Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлими шифокори маст фуқаро томонидан калтакланган эди.