Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан эълон қилинадиган World Happiness Report 2021 рейтингига кўра, Финляндия 2020 йил якунлари бўйича энг бахтли мамлакат деб топилди. Ўзбекистон бўйича кўрсаткичлар бу йилги рейтингдан ўрин олмаган.

«2020 йил бутунлай бошқача йил бўлди. Бу ҳисобот COVID-19 оқибатлари ва бутун дунё аҳолиси қандай яшаганлиги тўғрисида. Бизнинг мақсадимиз қуйидагича эди: биринчидан, COVID-19 одамлар ҳаётининг сифатига ва тузилмасига қандай таъсир ўтказганлигини ўрганиш, иккинчидан, ҳукуматлар пандемия билан қандай курашганлигини баҳолаш», — дейилади ҳисоботда.

Финляндия тўртинчи маротаба БМТ таърифига кўра энг бахтли мамлакат деб топилди.

Энг бахтли мамлакатлар қаторида Исландия, Дания, Швейцария, Голландия, Швеция, Германия, Норвегия, Янги Зеландия ва Австрия мамлакатлари бор. АҚШ 14-ўринда, Буюк Британия 18-ўринда ва Франция 20-ўринда.

МДҲ давлатлари орасида бу йил энг бахтли мамлакат Қирғизистон (33-ўрин) бўлди. Кейинги ўринларда Қозоғистон (36), Молдавия (49), Россия (60), Тожикистон (62), Украина (69), Грузия (73).

Энг бахтсиз мамлакатлар Зимбабве ва Танзания бўлган.

2020 йилги сўровномаларда қатнашган 95 та мамлакат орасида Ўзбекистон йўқ. Бунга пандемия йилида кўп мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ушбу рейтинг бўйича сўровнома ўтказилмагани сабаб бўлди.

Лекин, анъанавий равишда ҳисоботда бериладиган уч йиллик бўйича ўртача рейтингда Ўзбекистон 149 мамлакат орасида 42-ўринни эгаллаган ва МДҲ давлатлари орасида етакчиликни сақлаб қолган.

Ўтган йили Ўзбекистон ушбу рейтингда 38-ўринни эгаллаган эди.

Ўтган йилги ҳисоботда ҳар бир мамлакатнинг асосий шаҳарлари аҳолисининг ҳозирги кундаги ҳаётидан қониқишлари ва келажакда ушбу шаҳарда яшаш қанчалик яхши бўлиши ҳақидаги фикрлари ҳам ўрганилган эди.

Ўтган йилги ҳисобот натижаларига кўра, дунёнинг йирик шаҳарлари орасида Тошкент — аҳолиси энг оптимист шаҳар бўлган эди. Сўровномада қатнашган Ўзбекистон пойтахти аҳолиси келажакда ушбу шаҳарда яшаш шароитларидан умидлари катта эканлигини билдиришган, оқибатда Тошкент Келажакдаги ҳаёт рейтингида 186 мамлакат орасида 1-ўринни эгаллаган эди. Ҳаётдан қониқиш бўйича эса Тошкент 75-ўринда бўлган.

Анъанавий тарзда дунё бўйлаб ўтказиладиган сўровномаларда ҳар бир мамлакатдан 1000 га яқин 15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли қатнашади. Сўровномалар давлат тилида ўтказилади. Сўровномалар асосида юзага келадиган глобал индекслар мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти, умр кўриш давомийлиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эркинлик, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар асосида тузилади.