Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма ва Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов 26 март куни умумий қиймати 15 млрд иенани (136,5 млн доллар) ташкил қилувчи алмашинув ноталарини имзоладилар, дея хабар берди элчихона «Газета.uz»га.

Ушбу маблағ, 0,01% фоиз ставкаси ва 15 йиллик муддати билан тақдим этилади. Унинг 4 йили имтиёзли давр ҳисобланиб, Ўзбекистонга COVID-19 инқирозининг оқибатлари билан курашиш учун молиявий кўмак тарзида ажратилган.

Фавқулодда кредитнинг мақсади — коронавирус тарқалиши туфайли жиддий зарар кўрган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги ва ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат, дейилади хабарда.

«Коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий ва ижтимоий фаолият, жумладан, гуманитар алмашинув ва логистика глобал миқёсда тўхтаб қолмоқда. Бу бутун халқаро ҳамжамият, шу жумладан Япония ҳам ўзаро биргаликда пандемия тугаганидан сўнг унинг салбий таъсирини енгиб ўтиш ва ривожланишга олиб бориш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак бўлган муаммо», — дейилади элчихона хабарида.

Бундан аввал, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) «Ўзбекистонда шаффоф ва кенг бозор иқтисодиётига ўтишни ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш учун 25 йил муддатга, шу жумладан 7 йиллик имтиёзли давр билан 6 ойлик LIBOR +1,1 фоиз ставкада 195 млн доллар миқдорида Ўзбекистонга яна бир кредит ажратишга тайёрлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2021 йил 1 январь ҳолатига 23,3 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 40,4 фоизини ташкил этган. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги мамлакатнинг энг йирик кредиторларидан бири бўлиб, молия институти олдидаги қарздорлиги 2 млрд доллар.