Спорт ва жанговар самбо бўйича 2021 йилги Жаҳон чемпионати 12−14 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Халқаро самбо федерацияси (FIAS) матбуот хизмати.

«Бизга Жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ариза Ўзбекистон самбо ассоциациясидан келиб тушди. Тошкент 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказишини ёдда тутган ҳолда, мен Ўзбекистонга ушбу чемпионатни ўтказиш имкониятини тақдим этишни мақсадга мувофиқ деб биламан», — деди FIAS президенти Василий Шестаков.

Спортчилар 21 медаллар тўплами учун кураш олиб боришади — 14 таси спорт самбоси (эркаклар ва аёллар ўртасида еттитадан) ва еттитаси жанговар самбо (эркаклар ўртасида), деб хабар беради РИА Новости.

Мусобақа ноябрь ойида Москвада ўтказилиши керак эди, аммо Спорт арбитраж судининг (CАС) декабрдаги қарори туфайли Россия икки йил давомида Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларини ўтказишга даъво қила олмайди. Шунинг учун Халқаро самбо федерацияси ва Бутунроссия самбо федерацияси мусобақани бошқа мамлакатга ўтказишга қарор қилди.