Бюджет маблағлари талон-тарож қилинса, прокурорлар ҳам жавобгар бўлади. Бу ҳақда 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундан буён, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига қайси қишлоқ ёки маҳалла киришини халқ депутатларининг маҳаллий кенгашлари белгилаб беради. Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари ўз дастурлари доирасида зарур маблағлар ва амалга ошириши лозим бўлган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

«Кенгашнинг қарори бўлмаса банклар ҳам пул ўтказиб бермайди. Кенгаш тасдиқлайди, кейин унга маблағ ажратилади», — деди президент.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари «манзилли дастури»ни тасдиқлайди. Бунда, дастурлар доирасида маҳалла раислари ва аҳолининг «ижтимоий ҳамкорлиги»ни ҳам назарда тутиш зарурлиги айтилди.

«Яъни, давлат янги йўл қуриб берса, унинг атрофига дарахт экиш, қазиб берилган ариқ ва зовурларни кейинчалик тозалаш, қурилган биноларнинг бутун сақланишини таъминлаш бўйича маҳалла аҳолиси ўзига мажбурият олиши керак. Шу вақтгача бундай мажбуриятни ўзимизга олмаганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент қурилиш вазири Ботир Зокиров вилоят ҳокимлари билан бирга, «манзилли дастур»га киритилган ҳар бир объект бўйича лойиҳа институтларини бириктириб, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлишини маълум қилди.

«Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлар тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишга пул берилмайди», — деди у. Президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қарата, лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бошлаш ман этилишини таъкидлади.

Сектор раҳбарлари белгиланган чора-тадбирлар ижросини ташкил этиб, ягона онлайн тизимга маълумотларни кунлик киритиб боради ва ҳар ойда ишлар аҳволи бўйича маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот беради.

Йиғилишда шунингдек, президент маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, унинг ўринбосари Алишер Усмонов ва бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов ҳар ҳафтада жойига чиққан ҳолда, биттадан вилоятдаги ишлар аҳволини муҳокама қилиши бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг манзилли, талон-тарож қилинмасдан ҳар бир сўмини қандай самарали ишлатилишини прокуратура тизими, туман ва шаҳарлар прокурорларининг ёрдамчилари томонидан назорат қилиниши айтилди.

«Турсинхан Худайберганов аниқ кимни ишдан олиш кераклиги бўйича ҳисобот беради. Нимага биз пешона теримиз билан топаётганимизни улар талон-тарож қилаяпти? Энди бюджет маблағлари талон-тарож қилинса, мутасаддилар қаторида прокурорлар ҳам жавобгар бўлади», — дея таъкидлади президент.

Акмалхўжа Мавлонов «манзилли дастур"ларни молиялаштиришга ажратилган 10 трлн сўмдан 845 млрд сўми (8,4%) талон-тарож қилинганини маълум қилди.
Президент бош прокурор ўринбосарига коррупция ҳолатларини олдини олиш учун ОАВ ва жамоатчилик билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

«Менга „ўғирлади“ деган гап жуда оғир ботади. Шахсан ўзим кимнидир қамаб юборишга буйруқ бермаганман. 25 йил қамаш билан шуғулландик, лекин коррупция йўқолмади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, мазкур йиғилишда 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ҳамда ипотека дастурларини молиялаштиришга 3 млрд доллардан зиёд маблағ йўналтирилиши таъкидланган эди. Президент ушбу маблағлар ташқи қарз кўпаймаган ҳолда ажратилишини қўшимча қилган.