Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов ўтган йили манзилли дастурларга ажратилган маблағларнинг қанча қисми талон-торож қилинганига эътибор қаратди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2020 йилда манзилли дастурларга йўналтирилган 10 трлн сўмнинг 845 млрд сўми талон-торож қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев кўрилаётган чораларга қарамай бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари камаймаётганига эътибор қаратди.

«Менга „ўғирлади“ деган гап жуда оғир ботади. Шахсан ўзим кимнидир қамаб юборишга буйруқ бермаганман. 25 йил қамаш билан шуғулландик, лекин коррупция йўқолмади. Энди Мавлоновга катта топшириқ, аҳоли ва ОАВ назоратини йўлга қўйиб, талон-торожликларнинг олдини олиши зарур», деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 31,5 трлн сўм, яъни 3 млрд 50 млн доллар ажратилиши ҳақида хабар берган эдик.