Энергетика вазирлиги ҳозирда муҳокамага қўйилган «Истеъмолчиларнинг электр тармоқларига уланиши бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳасини Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳали келишиб олмаган. Бу ҳақда «Газета.uz» сўровига кўра, қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат президентнинг оғзаки кўрсатмаси ҳамда унинг Админстрацияси топшириғига кўра, ишлаб чиқилган бўлиб, унда электр таъминотига (маиший истеъмолчилардан ташқари) уланиши учун йиғим жорий этиш таклиф этилмоқда. Қуввати 20 кВтгача бўлган истеъмолчиларга электр тармоқларига уланиш учун БҲМнинг 30 баравари (7,35 млн сўм), қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача бўлган истеъмолчиларга эса — БҲМнинг 60 баравари (14,7 млн сўм) миқдорида йиғим ўрнатилади.

Шу билан бирга, ушбу истеъмолчиларни электр тармоқларига тайёр ҳолда улаш юзасидан барча ишлар (электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш, электр энергиясини ўлчаш воситасини ўрнатиш ва пломбалаш нарядини расмийлаштириш ва электр таъминоти шартномасини тузиш) «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» томонидан амалга оширилади.

Қўмитанинг маълум қилишича, лойиҳанинг биринчи таҳрири Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали келиб тушган. Ҳужжатнинг биринчи вариантида Энергетика вазирлиги БҲМнинг 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик тўловни ўрнатишни таклиф қилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси маиший истеъмолчилардан бир марталик тўловни ундирмасликни, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда ушбу соҳада иш юритадиган тадбиркорлардан иборат ишчи гуруҳ тузиш орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар учун тўлов миқдори ўрнатилишини танқидий таҳлил қилиш кераклигини ёзган.

Бунинг натижасида Энергетика вазирлиги маиший истеъмолчиларни рўйхатдан чиқариб ташлаган ва электр тармоқларига уланиш учун тўланадиган тўловни уч бараварга оширишни таклиф қилган. Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, лойиҳанинг якуний версияси келишиб олиниши учун яна Монополияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилиши керак, дейилади қўмита хабарида.

«Газета.uz» Энергетика вазирлиги ўзининг ҳукумат қарори лойиҳасида президентнинг 2019 йил 20 ноябрдаги қарори ижросига таянаётгани, бироқ унда қўшимча йиғимлар жорий этиш ва ундириш назарда тутилмаганига эътибор қаратди.

Ҳужжатда бир марталик тўловнинг жорий этилиши молия-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан асосланмаган. Ушбу тўловлар ускуналарнинг тармоққа уланишида зарур бўладиган харажатлар ичига кириш-кирмаслиги кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, барча ишлар ҲЭТК томонидан амалга оширилиши борасидаги факт истеъмолчиларнинг лойиҳалаш ҳамда қурилиш ташкилотларининг танлаш ҳуқуқини чеклаб қўйиши ва битта компаниянинг «монопол» хизматларни кўрсатишига олиб келиши мумкин.

«Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 12-моддасига кўра, айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда берилиши тақиқланади.

Лойиҳа муҳокамаси 4 апрелга қадар давом этади.