18 март куни соат 18:30 атрофида Тошкентнинг Миробод туманидаги Зарафшон ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасида Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг икки ходими иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати бу ҳақда 22 март куни хабар берди.

Тошкент ИИББ фотосурати.

Бошқарма маълумотларига кўра, 32 ёшли Х.З. ўзининг бошқарувидаги Spark автомобилини бошқариб кетаётганда йўлни пиёдалар ўтиш йўлагидан кесиб ўтаётган пиёдалар 30 ёшли Б.Р. (Баҳора Раҳимова) ва 23 ёшли Н.А.ни уриб юборган.

ЙТҲ натижасида иккала пиёда тан жароҳати олиб, шифохонага жойлаштирилган. 20 март куни пиёдалардан бири Б.Р. тиббий ходимлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида жонлантириш бўлимида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасиданТошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Газета.uz»нинг ИИББдан аниқлик киритишича, ҳомиладор бўлган Н. А. ҳозирда уйда, унинг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда.