Болалар орасида COVID-19 га чалиниш ҳолатлари кўпайгани сабабли макталар таътили узайтириш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков Kun.uz`га берган интервьюсида хабар бермоқда.

«Касалланганлар орасида болалар улуши ортяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида умумий касалланишлар орасида болалар улуши 5−7 фоиз бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 25 фоиздан ортиб кетди», — деди у.

Шу сабабли Тошкент шаҳрининг баъзи туманларидаги мактаблар таълими онлайн тартибига ўтказилган.

«Ҳозир таътил давом этяпти ва уларнинг якунига қадар биз касалликнинг тарқалиш занжирини узишга муваффақ бўлишни режалаштиряпмиз. Мабодо вазият ижобий томонга ўзгармаса, таътиллар муддатини узайтириш масаласини ўйлаб кўрамиз», — дея таъкидлади Нурмат Отабеков.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари Малика Қудратхўжаева 9 мартга қадар 61 та умумтаълим мактабларидаги 106 нафар ўқувчида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берган эди.