Президент фармони билан полковник Шухрат Ғайратжонович Холмуҳаммедовга генерал-майор ҳарбий унвони берилди. У мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимига тайинланган. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Холмуҳаммедов бунга қадар мудофаа вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган. 2016 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Бундан ташқари, президентнинг тегишли фармони билан полковник Шавкат Хусанбаевич Мамажонов Қуролли Кучлари академияси бошлиғи лавозимига тайинланди.