Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Истеъмолчиларнинг электр тармоқларига уланиши бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжатни ишлаб чиқишга асос сифатида президентнинг оғзаки топшириқлари ҳамда Президент Администрациясининг 2020 йил 10 декабрдаги топшириғи келтирилган.

Маъмурий регламентни 1 августда тасдиқлаш таклиф қилинмоқда. Унда истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш учун мурожаатларини шакллантириш ва юбориш, истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш ва тайёр ҳолда топшириш шартномаси лойиҳаларини тақдим этиш тартиблари, шунингдек, қуввати 50 кВтгача ва 50 кВтдан юқори бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш тартиблари келтирилган.

Регламентга мувофиқ, истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш босқичлари уланган қуввати 50 кВтгача бўлган истеъмолчиларда тўрттадан биттага ва 50 кВтдан юқори истеъмолчиларда тўрттадан иккитага тушириш режалаштирилмоқда. Улашнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда ELEKTR дастурий таъминоти ҳамда давлат хизматлари марказлари, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, уланган қуввати 50 кВтгача бўлган истеъмолчиларни тармоққа улаш учун «оферта» имзолаш орқали бир марталик тўловни амалга ошириш механизми жорий этилиши кутилмоқда.

Лойиҳага кўра, қуввати 20 кВтгача бўлган истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) тайёр ҳолда электр тармоқларига уланиш бўйича ҲЭТКга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (7,35 млн сўм) миқдорида бир марталик тўловни амалга оширади. Корхона электр тармоғига 10 иш куни давомида уланади.

Қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача бўлган истеъмолчилар электр тармоқларига уланиш бўйича ҲЭТКга базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари (14,7 млн сўм) миқдорида бир марталик тўловни амалга оширади, электр таъминоти шартномасини (оферта) имзолайди ва истеъмолчи 20 иш куни муддатда электр тармоқларига ҲЭТК томонидан улаб берилади.

Ушбу истеъмолчиларни электр тармоқларига тайёр ҳолда улаш юзасидан барча ишлар (электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш, электр энергиясини ўлчаш воситасини ўрнатиш ва пломбалаш нарядини расмийлаштириш ва электр таъминоти шартномасини тузиш) ҲЭТК томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчилар томонидан электр тармоқларига уланиш бўйича ҲЭТКга тўланадиган бир марталик тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

  • 97 фоизи — ҲЭТКнинг банк ҳисобварағига;
  • 2 фоизи — «Ўзэнергоинспекция» банк ҳисобварағига;
  • 1 фоиз — танлов савдолари якунида ғолиб бўлган, онлайн платформа яратган ташкилот ҳисобварағига ўтказилади.

Лойиҳа муҳокамаси 4 апрелга қадар давом этади.

Октябрь ойи охирида «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоев президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифасини қўйганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, қилинадиган модернизация, реконструкция ишларини амалга оширишга тарифни кўтариш ҳисобидан эмас, балки мана шу ишлаб чиқаришда кетадиган ҳаражатларни, яъни таннархни камайтириш эвазига эришиш масаласини қўйилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон давлат қарзининг 13,7 фоизи (2,9 млрд долларга яқин) электр энергияси соҳасига тўғри келади.