Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тузилмасида Россия Федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, маданий-гуманитар соҳаларидаги ўзаро манфаатли, амалий шерикликни кенгайтириш ҳамда стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш ва уни аниқ мазмун билан янада бойитишни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан ИТСВ тузилмасига Россия билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул бўлган инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозими киритилди. Аввалроқ ушбу лавозимга Хуррам Тешабоевнинг тайинлангани ҳақида хабар қилинган эди. У бир вақтнинг ўзида ИТСВ ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директори (2019 йилдан) ҳисобланади.

Янги вазир ўринбосарининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Россия билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ҳамкорлик лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда рўёбга чиқариш; Россия билан юқори технологиялар, инновациялар, саноат, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш
  • Россия Федерацияси билан амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасидаги келишувларнинг сўзсиз ва сифатли ижро этилиши устидан доимий ҳамда тизимли мониторинг ва назоратни ташкил қилиш;
  • Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ҳамкорлик соҳаларидаги амалий чора-тадбирлар режалари («йўл хариталари»)ни сўзсиз амалга ошириш бўйича масъул ижрочилар — вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган «Лойиҳа офиси» фаолияти доирасида янги саноат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Россия томони билан ҳамкорликда амалга оширишни таъминлаш;
  • Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директорига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш.

Ҳужжатда Москвада ходимларнинг чекланган сони 7 кишидан иборат Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ваколатхонасини очиш ҳам кўзда тутилган. Мазкур ваколатхонанинг асосий вазифаси Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорлик лойиҳаларини сифатли тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича тизимли ишларни таъминлашдан иборат.

Бундан ташқари, ИТСВнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси негизида вазирликнинг белгиланган штатлари доирасида Халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ташқи иқтисодий интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил қилинмоқда.

Бошқарманинг янги вазифалари қаторидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва ЖСТ билан ўзаро ҳамкорлиги доирасида миллий манфаатларни илгари суриш мақсадида интеграция жараёнларини чуқурлаштириш чораларини олиб бориш ҳам ўрин олган.