21 март куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Шовот туманидаги 35-сонли давлат Мактабгача таълим ташкилоти очилиш маросимида юпун кийинган болаларнинг тадбирда иштирок этаётгани акс этган фотосурат тарқалди. Мазкур фотосуратга Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълумотга кўра, Шовот туманидаги 35-сонли давлат Мактабгача таълим ташкилотининг очилиш тадбири 19 март куни бўлиб ўтган. Тадбирда Шовот тумани ҳокими, маҳалла фаоллари, нуронийлар, туман Мактабгача таълим бўлими ҳодимлари иштирок этишган.

«Тадбирнинг „табрик сўзлари“ қисми тугагач болалар рақс тушушга таклиф этилади. Рақс тушишгача бўлган вақтда болалар эгнида совуқдан сақлайдиган кийимда бўлишган (курткада). Рақс бошланиш вақтида кийимларини тарбиячисига бериб, сўнгра рақсни ижро этиб бўлгач яна кийимларини кийишган», — дейилади баёнотда.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан келтирилган маълумотларига кўра, 19 март санасида Урганчда ҳаво ҳарорати 18−20 даража атрофида иссиқ бўлган.

Ўз навбатида, Yandex.uz об-ҳаво маълумотига кўра, ўша куни Шовот туманида ҳаво булутли бўлган. Ҳарорат эса 13 даража илиқ бўлишига қарамасдан 8 даражадек туюлиши қайд этилган.


Yandex.uz`нинг март ойи учун об-ҳаво маълумотлари.

Мутасаддилар болаларга қараганда иссиқроқ кийимда эканлигини ҳам кўриш мумкин.

Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Шовот туманидаги 35-сонли ДМТТ очилиш тадбирига болаларни жалб қилиб, карантин талабларига риоя қилмасдан, уларнинг юпқа кийимда тадбирда чиқиш қилишига имконият яратиб берган ходимларга тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилишини маълум қилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Жиззах вилояти Бахмал туманидаги кутубхона очилиш маросимига мактаб ўқувчилари юпун кийимларда олиб чиқилганлиги учун тадбир иштирокчиларига огоҳлантириш берилган эди.

Aндижонда юпун кийимларда байроқ кўтаришга чиқарилган ўқувчилар 43-мактабдаги «Янги Ўзбекистон — Янгича дунёқараш» тарғибот тадбири доирасида жалб қилинганди. Шундан сўнг, мактаб директори в.б. ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилди.