Россияга кетиш истагидаги ўнлаб меҳнат мигрантларига авиачипталар сезиларли даражада қиммат нархда сотилаётганини ўрганаётган Kun.uz мухбирига Самарқандда таҳдид қилинди.

Нашрнинг маълум қилишича, Россиядаги «Пик Индустрия», «Технострой» каби қурилиш ташкилотлари орқали Россияга ишлашга борган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига авиачипталар 4,5 млн сўмдан сотилган. Ваҳоланки авиачипталар бозордаги нархи бир томонга 2,5 млн сўм бўлган.

Чипталарни Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 47-уйда жойлашган, «Пик Индустрия», «Технострой» каби ташкилотларнинг шартнома асосида Ўзбекистондаги ишончли вакили ҳисобланган «Панорама болалар уйи» МЧЖ сотган.

Шу боис, Kun.uz журналисти Анвар Мустафоқулов 19 март куни мавжуд маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида айрим саволлар билан фирма идорасига борган.

Мухбирнинг айтишича, дастлаб, ундан телефонни ўчириб туришни, вазият бўйича гаплашиб олишларини билдиришган, сўнгра турли ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилишган ва куч ишлатишга уринишлар бўлган. Вазият жиддийлиги ойдинлашгач, мухбир у ердан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди. Қайд этилишича, журналист вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳозирда ариза юзасидан, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.