Айни дақиқаларда Шавкат Мирзиёев раислигида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Президент вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига тўхталар экан, Тошкент вилоят собиқ ҳокими Рустам Холматовнинг ишдан кетиши ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Тошкент вилоятининг салоҳиятидан келиб чиқадиган ва натижага ишлаш бўйича сизларга маъқул келадиган раҳбар топа олмаяпмиз. Кўп вилоятларда ҳокимлар 10 йиллаб ишлаябди, яхши натижа бераяпти. Вилоятга катта мақсадлар, марралар қўйган эдик. Очиқ гап Рустам Холматов ўзи ариза ёзди, ҳеч ким унга кет дегани йўқ. „Иложи борича салоҳиятимни ишга солаяпман, сизни талабингиз ва замонга муносиб бўлиш учун, ҳозир Тошкент вилоятини анча чарчатиб қўйдик. Мен пахтани ичида ўсганман, пахта, ғалла деб юрган эканмиз. Лекин сизнинг бугунги талабингиз пахта, ғалла эмас, халқ манфаати ва вилоятдаги муҳитни мутлақо ўзгартириш кераклигини билдим. Кутилгандек натижа кўрсатолмаяпман“, деб тан олди, ўзи ариза ёзди. Бошқа ишга ўтди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар ҳеч бир шаҳар ёки туман ҳокими ўзи ариза ёзмаган.

«Бу ҳам мардлик. Амалнинг тагида масъулият ва жавобгарлик бор. Шу пайтгача биронта туман, шаҳар ҳокими бундай ариза ёзмаган. Бу нима дегани? Амални хоҳлаяпти, аммо аравани тортмаяпти. Холматов нимага ишдан кетди? Чунки, билдики, ҳудуддаги ўрта бўғиндан тортиб катта раҳбарларгача масъулиятни ўзига олмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.