Шимолий Корея Малайзия билан дипломатик алоқаларни узди

КХДР Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Корея фуқароси AҚШга экстрадиция қилингани сабабли Малайзия билан дипломатик алоқаларни узишини эълон қилди. Федерал қидирув бюроси (FBI) Малайзияда яшовчи шимолий кореялик ишбилармонни БМТ санкцияларини бузган ҳолда Сингапурдан Пхеньянга тақиқланган маҳсулотларни етказиб беришда айблади. Малайзия Олий суди уни экстрадиция қилиш тўғрисидаги КХДР илтимосномасини рад этиб, AҚШга топширишга рухсат берди. Пхеньяннинг айтишича, тадбиркор «қонуний ташқи савдо фаолияти» билан шуғулланган. «Бу воқеа бутун дунёга ҳайратланарли бўлиб, AҚШнинг мамлакатимизни яккалаш ва бўғишга қаратилган душманлик сиёсатидан ҳамда Малайзия ҳукумати томонидан Aмерика тарафдори хизматкорлигидан келиб чиққан ҳолда Кореяга қарши фитнанинг аниқ маҳсули ҳисобланади», дейилади расмий баёнотда. Бунинг фонида Пхеньян «AҚШнинг босими фойдасига КХДРга қарши душманлик қилган» Малайзия билан дипломатик муносабатларни узишга қарор қилди. Шимолий Корея Малайзия расмийлари икки мамлакат ўртасида юзага келадиган барча оқибатларга тўлиқ жавобгар бўлишини огоҳлантирди. Пхеньян, шунингдек, АҚШ «бу воқеада парда ортидаги манипулятор ва асосий айбдор» сифатида «муносиб ҳақ тўлашини» айтди. — KCNA.

Малайзия КХДРнинг икки томонлама дипломатик алоқаларни узиш тўғрисидаги қорорини ҳурматсизлик ва дўстона эмас дея атаб, Шимолий Корея элчихонаси ходимлари ва уларнинг оилаларидан 48 соат ичида мамлакатни тарк этишларини талаб қилди. Бу ҳақда Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Таиланд келганлар учун карантин муддатини 10 кунгача қисқартирди

Таиланд расмийлари 1 апрелдан мамлакатга келган фуқаролар учун карантин муддатини икки ҳафтадан 10 кунгача қисқартирди. Манбанинг сўзларига кўра, янги чора пандемия сабабли мамлакатда иқтисодиёт ва туризмнинг оғир аҳволи билан боғлиқ ҳолда амалга оширилмоқда. Таъкидланишича, карантин муддатининг қисқартирилиши вируснинг янги штаммлари қайд қилинган мамлакатлардан ташриф буюрувчиларга тааллуқли эмас. Шу билан бирга, 8 март куни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши эмланган чет эл фуқаролари учун апрель ойидан бошлаб мажбурий карантин муддати етти кунгача қисқартирилишини айтган эди. — Синьхуа.

Норвегияда бош вазир томонидан чекловларнинг эҳтимолий бузилиш ҳолатлари текширилмоқда

Норвегия полицияси бош вазир Эрна Сульбергнинг 60 ёшини нишонлаш пайтида юқумли касалликларга қарши курашиш тўғрисидаги қонун бузилган бўлиши мумкинлиги бўйича тергов ишларини бошламоқда. «Тергов аслида нима бўлганига ва фақат маҳаллий ёки марказий чекловлар бузилганлигига ойдинлик киритади», — дейилади полиция баёнотида. Полиция мумкин бўлган қонунбузарликлар тўғрисида маълумотни ОAВ материалларидан ва Сульбергнинг сўзларидан олган. Ушбу маълумотларга кўра, февраль ойида бош вазирнинг оиласи унинг туғилган кунини нишонлаш учун икки маротаба йиғилган ва пандемия сабабли мавжуд чекловларга қарамай, ҳар иккала сафар ҳам 10 дан ортиқ киши қатнашган. — NRK.

Европада AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш жараёни қайта тикланди

Европа мамлакатлари AstraZeneca препарати билан коронавирусга қарши эмлашни қайта бошлашди. Германия ва Франция ҳукуматлари яқин келажакда аҳолини эмлаш жараёнини қайта тиклашга ваъда беришди. Франция бош вазири Жан Кастекс 19 март куни аҳолининг ушбу дори-дармонга бўлган ишончини тиклаш учун шахсан ўзи эмланишини айтди. Италия, Испания, Болгария, Португалия ва Словения ҳам AstraZeneca вакцинасини қайта қўллашни бошлайди. Швеция ҳанузгача унинг хавфсизлиги бўйича ўз текширувини олиб бормоқда. 18 март куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон AstraZeneca вакцинаси билан эмланишга ваъда берган эди. «Барчамизга имкон қадар тезроқ эмланиш керак. Ва эртага ўзим эмланаман», — деди у. У буни амалга оширадиган вакцинация марказида AstraZeneca ва Оксфорд университетининг дори воситалари ишлатилишини таъкидлади. — Bloomberg.

Туркия Суриядан ўз ҳудудига ракета ҳужуми ҳақида маълум қилди

Туркиянинг Килис вилояти Суриядан ракета ҳужумига учради, дея хабар қилди Туркия мудофаа вазирлиги пайшанба куни кечқурун. «Суриядан отилган ракеталар Килис вилоятидаги чўл зонасига тушди. Қурбонлар йўқ. Зарар кўрилмади», дейилади баёнотда. Туркия ОАВ мамлакат расмийларига мурожаат қилиб, ўқ отиш натижасида ҳеч ким жабрланмаган ва турк ҳарбийлари жавоб қайтариб ўқ узганини таъкидламоқдалар. — Туркия Мудофаа вазирлиги.

Танзания тарихида илк бор аёл киши президент лавозимини эгаллади

Бундан аввал Танзания вице-президенти бўлган Самия Сулуҳу Ҳасан 19 март куни қасамёд қилиб, мамлакат тарихида биринчи аёл президент бўлди, деб хабар қилмоқда маҳаллий ОАВ. «Мен, Самия Сулуҳу Ҳасан, ҳалол бўлишга, Танзания конституциясига риоя қилишга ва уни ҳимоя қилишга ваъда бераман», — дея ОAВ президентнинг қасамёдидан иқтибос келтиради. Танзаниянинг собиқ президенти Жон Магуфули 17 март куни 61 ёшида вафот этди. У 2015 йилдан буён давлат раҳбари сифатида ишлаб келган. — Интерфакс.