18 март куни, Фарғона вилоят судида 2020 йилнинг май ойида Фарғона вилояти Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизликда иштирок этганликда айбланаётган 22 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу жиноят иши Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Т. Ваҳобов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Н. Мусинова ва З. Қосимовадан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Суд барча судланувчиларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, 5, 4 ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазоларини тайинлади.

Жиноят оқибатида Фарғона вилоят ИИБ фойдасига етказилган 9 996 341 сўм моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан чиқарилган ҳукмнинг мазмуни батафсил тушунтирилиб, судланувчилар ва бошқа томонларга ушбу ҳукм устидан шикоят қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ва муддати тушунтирилди.