Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳри Шодлик маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уйни кўздан кечирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.


Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади. 17 та хонадон ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, 15 таси ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ажратилган.

Шу ерда Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.


«Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Чирчиқ шаҳар иссиқлик таъминот корхонасини ҳам бориб кўрди.


Чирчиқ шаҳрида жами 14 та қозонхона бор. Шулардан бири 1957 йилда қурилган. Бу қозонхона очиқ тизимда ишлайди. Яъни, шаҳар ичимлик суви тармоғидан сув олиб, уни иситиб, хонадонларга тарқатади. Бу ортиқча сув ва газ ёқилғиси сарфини юзага келтираётган эди.

Шу боис бу ерда Туркия технологияси асосида янги қозонхона барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлиб, Жаҳон банки кредити асосида молиялаштирилади.


Янги қозонхонанинг қуввати 75 мегаватт бўлади. Қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилади. Модернизация натижасида шаҳарда 24 километр иссиқлик қувури тортилиб, 175 та кўп қаватли уй, 19 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик тизими билан сифатли таъминланади. 12 миллион метр куб табиий газ, 3,4 миллион киловатт электр энергияси, 300 минг куб сув тежалади. Атмосферага чиқаётган 4,7 минг тонна газ ушлаб қолинади.

Шу ернинг ўзида вилоятда электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ҳамда шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича режалар тақдимот ўтказилди.