AОКАда Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Aкбаров иштирокидаги брифинг бўлиб ўтди.

Унда маълум қилинишича, ўтган йили илк бор судьялик лавозимига тайинланиш учун очиқ танловда 172 нафар номзод иштирок этган. Уларнинг 73 нафари судьялик лавозимига номуносиб деб топилган, яна 34 нафари захирага олинган. Қолган номзодларга эса ишонч билдирилган.

Шунингдек, 2020 йилда 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Яъни, 3 нафар судья бошқа ишга ўтган, судьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузган 12 нафари четлатилди (улардан бири жиноий жавобгарликка тортилган). Шунингдек, ўз хоҳишига кўра яна 5 нафар судья лавозимидан озод этилган. Яна етти нафар судья эса коронавирус туфайли вафот этгани боис ваколати муддатидан аввал тугатилди.

2021 йилнинг ўтган икки ойида Судьялар олий кенгаши қарори билан 9 нафар судьяга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга рухсат берилди, бир нафар судья вазифасидан озод қилинди. Шу кунларда кунларда яна уч нафар судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Судьялар олий кенгаши 2020 йилда 835 нафар номзодни судьяликнинг навбатдаги ваколат муддатига, муддатсиз даврга ва ваколат муддати даврига қайта тайинлаш масалалари кўриб чиқди. Шундан 126 нафар номзод судьяликнинг кейинги муддатидаги тайинлашга номуносиб деб топилди. 72 нафари захирага колдирилди, 41 нафар номзодни тавсия этилган лавозимга тайинлаш рад этилди.

2021 йилнинг ўтган икки ойида эса биринчи беш йил муддатга судьялик лавозимлари учун таклиф этилган 30 нафар номзоднинг 3 нафари номуносиб деб топилган бўлса, 7 нафари захирада қолдирилди, 20 нафарига ишонч билдирилди.

Шунингдек, ўтган икки ойи давомида навбатдаги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимлари бўйича қайта тайинлаш масаласида 111 нафар номзод кўриб чиқилди. Шундан бир нафари номуносиб, 5 нафари захирада қолдирилган бўлса, яна 5 нафар номзодни тавсия этилган лавозимга тайинлаш рад этилди.