Йил охирига қадар Тошкентда «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент шаҳрида газ истеъмолчилари жами 629 минг 427 та бўлиб, шулардан 448 073 тасини кўп қаватли, 181 минг 354 тасини ерли аҳоли хонадонлари ташкил этади.

Ушбу ҳисоблагичларни ўрнатиш аҳоли учун бепул ҳисобланади ва ташкилот томонидан 5 йиллик бепул сервис хизмати ҳам кафолатланади, дейилади хабарда.

Табиий газ истеъмолчилари учун «Call-марказ» (55) 503−28−28 ишга тушгани эълон қилинди. Шу билан бирга, соҳадаги қонунбузарлик ва коррупция ҳолатлари бўйича (55) 503−90−17 «ишонч телефони» йўлга қўйилган.

Аввалроқ президентнинг сентябрдаги қарори билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни 2021 йил 1 августга қадар якунига етказиш топширилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Янги ҳисоблагичларни 2020 йил 1 октябрга қадар тизимни Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида «Ҳудудгазтаъминот» маблағлари эвазига ўрнатиш белгиланган эди. 2021 йил 1 февралга қадар эса Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси баланд бўлган ҳудудларда тизим ўрнатилиши кўзда тутилган эди.