10−15 март кунлари Лос-Анджелесда VI Халқаро Осиё кинофестивали (Asian world film festival) бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбеккино матбуот хизмати.

Фестивалда Ўзбеккино буюртмасига биноан Fox music cinema студияси томонидан суратга олинган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми The snow leopard award мукофотига сазовор бўлди.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, тасвирга олиш режиссёри Баҳодир Йўлдошев, сценарий муаллифи Бектош Ражабов, директор Шавкат Ризаев. Актёрлар таркибида Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Улжаева, Санобар Ҳакназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар иштирок этишди.

2014 йилдан буён Лос-Анжелесда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро кинофестивалда Осиё минтақасининг 50 мамлакатидан турли жанрдаги фильмлар саралаб олинади. Мазкур кинофестиваль Осиё ва Голливуд кино саноати ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

24.kg маълумотларига кўра, энг яхши фильм учун «Олтин қоплон» «Зиндаги тамаша» (режиссёр Сармад Султан Хусат, Покистон, 2019) кинокартинасига топширилди. «Хушвақт кунлар» фильми (режиссёр Дерек Цанг, Гонконг, 2019) ҳакамларнинг махсус мукофотига лойиқ кўрилди.

Энг яхши аёллар роли мукофотига «Хушвақт кунлар» фильмининг бош қаҳрамони ижрочиси Dongyou Zhou муносиб деб топилди. Энг яхши эркак роль учун «Олтин қоплон» «Зиндаги тамаша» актёри Ариф Ҳасанга топширилди.

Ҳакамлар ҳайъати «Ҳақиқий оналар» (Япония, 2020) филмидаги аёллар ансамблига эксклюзивлиги учун мукофот беришга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми 2020 йилнинг ноябрида «Москва премьераси» халқаро кинофестивалида гран-при совринини қўлга киритган эди. Аввалроқ эса ушбу картина нуфузли «Оскар» фильмига тавсия этилгани, бироқ фильм белгиланган вақтда тақдим этилмагани сабабли иштирокчилар рўйхатидан чиқарилгани хабар қилинди. Шундай бўлсада, картина «Оскар»да иштирок этиш имкониятини сақлаб қолмоқда.