Тошкентда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директори ўринбосари ва бўлим бошлиғи 3 млн сўм пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 16 март куни ИИВга фуқаро А.Э. ариза билан мурожаат қилган. У тадбиркорлик қилиш мақсадида Юнусобод тумани Марказ-6 даги бекатни ижарага олган ва бекатга ўтган сув қувурига уланиб, ҳисоблагич ўрнатган ва ҳужжатлаштириш учун Тошкент шаҳар «Сувсоз» бошқармасига мурожаат қилган.

Корхонанинг «Миролим» исмли ходими сув қувурини ўзбошимчалик билан улаганлигини рўкач қилиб, жаримага тортмаслик эвазига 3 млн сўм беришини талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ бўлим бошлиғи Ҳ.М. Тошкент шаҳар Учтепа ҳокимлиги яқинида ариза муаллифи А.Э. дан 3 млн сўм олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Ушланган шахс ушбу пулларни «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директор ўринбосари П.Р.нинг топшириғига асосан олганлигини ва пулларнинг бир қисмини унга бериши лозимлигини маълум қилган.

17 март куни тезкор тадбир давом эттирилиб, П.Р. хизмат хонасида Ҳ.М.дан 3 млн сўм миқдоридаги пуллардан, 1 млн 800 минг сўмини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан, 2021 йил 17 март куни Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, П.Р. ва Ҳ.М. Жиноят процессуал кодекснинг 224-моддаси тартибида ушланганлар. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.