АҚШ президенти Жо Байден ABC телеканалига берган интервьюсида, журналистнинг Россия президенти Владимир Путинни «қотил» деб биладими деган саволига ижобий жавоб берди. Суҳбат матни каналнинг веб-сайтида эълон қилинган.

Оқ уй раҳбари журналист Жорж Стефанопулоснинг «Сиз Владимир Путинни биласиз. Сизнингча, у қотилми?» деган саволига жавобан «Ҳа», — дея жавоб берди.

Шунингдек, у Россия президенти Америка сайловларига аралашгани учун ҳали «жавоб беришини» айтди, аммо тафсилотларга тўхталмади. Суҳбатдан бир кун олдин, 16 март куни АҚШ Миллий разведкаси 2020 йилги президент сайловига хорижий аралашуви тўғрисида очиқ ҳисобот эълон қилган эди. Хабарда таъкидланишича, Владимир Путин сайловолди ташвиқоти пайтида Жо Байденнинг номзодини «қоралаш» учун қилинган катта уринишларни шахсан ўзи назорат қилган.

Шу билан бирга, АҚШ раҳбари Россия билан ўзаро манфаатли масалаларда ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлиб, январь ойида ядро қуроллари тўғрисидаги шартноманинг узайтирилишини эслатиб ўтди.

Шу куни АҚШ Савдо вазирлиги Россия муҳолифатчиси раҳбари Алексей Навалнийнинг заҳарланиши сабабли Россияга қарши янги савдо санкциялари жорий этилганлигини эълон қилган. Улар Россияга миллий хавфсизлик билан боғлиқ технологияларни экспорт қилиш ва қайта экспорт қилишни чеклашни назарда тутади.

Ушбу воқеалар фонида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Москвага маслаҳатлар учун чақирилгани ҳақида хабар берди. Улар «АҚШ билан муносабатлар замирида нима қилиш ва қаерга ҳаракат қилиш кераклигини» тушуниш учун ўтказилади", дейилади вазирлик хабарида.