Фарғонада ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахс устидан давом этаётган суд жараёнида 16 март куни барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди, дея хабар қилди ЎзА.

Дастлабки тергов органи томонидан ушбу шахсларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) каби жиноятларни содир этганликда айб эълон қилиниб, 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Улардан бир нафари вояга етмаган шахсдир.

2020 йил 31 май куни Сўх тумани Чашма қишлоғидаги Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.

Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, «Сўх воқеалари»га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳ сўроқ қилинди.