Сўнгги бир ҳафта ичида Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида коронавирус ҳолатларининг ўсиш даражаси 0,6 фоизни ташкил этди, кунига 99 ҳолат қайд этилди. Юқумли касалхоналар 43 фоиз, реанимация ётоқлари — 15 фоиз тўлган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Амандиқ Баталов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар берди zakon.kz.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, юқумли касалхонадаги ётоқлар сони 412 тага кўпайтирилди ва 1550 бирликни ташкил этди.

Ҳудудда касалланиш даражаси ошгани сабабли карантин режими кучайтирилди.

Мактабгача тарбия ташкилотлари, умумий овқатланиш корхоналари, диний бирлашмалар, жамоат ҳаммомлари ва транспортининг ишлаш вақти бандлик коэффициентини ҳисобга олган ҳолда соат 17.00 гача, кўнгилочар муассасалар ва ресторанларда соат 21.00 гача чекланган. Дам олиш кунлари ҳудудда тўлиқ карантин жорий этилади.

Шунингдек, Олмаота шаҳрида ҳам карантин чекловлари жорий этилади.

Жумладан, жамоат транспорти иш кунлари — одатдаги жадвал асосида, дам олиш ва таътил кунлари эрталаб — соат 6.00 дан 10.00 гача; кечқурун — соат 17.00 дан 22.00 гача ишлайди.

Савдо-кўнгилочар марказлари дам олиш кунлари ишламайди. Байрам кунлари — соат 10.00 дан 17.00 гача; иш кунлари — соат 10.00 дан 21.00 гача фаолият юритади.

Озиқ-овқат дўконлари соат 06.00 дан 24.00 гача ишлайди, бозорлар дам олиш кунлари ишламайди.

Вилоятлараро ва шаҳар (туристик) транспорт фаолияти тақиқланади.

Кинотеатрлар, театрлар, концерт заллари ва цирк ўз фаолиятини тўхтатади.

Аввалроқ 18 мартдан бошлаб Қозоғистон пойтахти Нурсултонда ҳам карантин эълон қилинган эди. Карантин қоидаларига кўра, шаҳарда оммавий тадбирлар ўтказиш ва уларда қатнашиш тақиқланади.