Япония 21 март куни фавқулодда вазият режимини бекор қилишни режалаштирмоқда

Япония ҳукумати 21 март куни Токио ва унга қўшни Канагава, Сайта ва Чиба префектураларида коронавирусга қарши фавқулодда вазият режимини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 17 март куни мамлакат бош вазири Ёсихидэ Суга маълум қилди. Шундай қилиб, чеклов чоралари бутун Япония бўйлаб бекор қилинади. «Биз ҳукумат йиғилишини ўтказдик ва эртага экспертлар қўмитасига 21 март куни Токиода ва учта қўшни префектурада фавқулодда вазият режимни бекор қилишни муҳокама қилишни таклиф қилиш ниятидамиз», деди бош вазир. Унга кўра бекор қилиш тўғрисидаги якуний қарор пайшанба куни (18 март) ҳукумат штабининг инфекция тарқалишига қарши чоралар бўйича йиғилишида тасдиқланади. Бош вазир, шунингдек, тиббий тизимдаги юк ва касалхоналарда бўш жойларнинг мавжудлиги билан боғлиқ вазият чекловлар амал қилган вақт ичида сезиларли даражада яхшиланганини таъкидлади.

Япониянинг қатор ҳудудларида фавқулодда вазият режими 7 январь куни бир ой муддатга жорий қилинган эди. Кейин ҳукумат уни ўнта префектурада 7 мартга қадар узайтирди. Ушбу ҳудудларда жами 70 млнга яқин одам яшайди, бу Япония аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Февраль ойининг охирида Япония ҳукумати ўнта префектуранинг олтитасида фавқулодда вазият режимини бекор қилди, аммо уни 36 млнга яқин аҳоли истиқомат қиладиган пойтахт ҳудудида қолдирди. — ТАСС.

Қозоғистон аҳолининг 60 фоизини «Спутник V» ва маҳаллий вакцина билан эмлашни режалаштирмоқда

2021 йилда 6 млн қозоғистонлик (аҳолининг 32 фоизи) Россиянинг Спутник V ва маҳаллий QazCovid-In вакциналари билан эмланади, деди Тиббиёт ва фармацевтика назорати қўмитаси раиси ўринбосари Нурлибек Асилбеков. Журналистлардан бири Асилбековдан «нима учун чет эл вакциналари Қозоғистонда ҳали ҳам мавжуд эмас», дея сўради. Бунга: «Биз биринчилардан бўлиб Спутник V ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирдик ва уни эмлаш учун тақдим этдик. Иккинчидан, бизнинг QazCovid-In вакцинаси ҳозирда ишлаб чиқилмоқда ва биз ўз вакциналаримизга ишонч билдираяпмиз», деб жавоб берди у. Унинг қўшимча қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг 60 фоизини ушбу икки вакцина билан эмлашни кўзда тутмоқда. — Интерфакс.

Сеул барча чет эллик ишчиларга COVID-19 тестидан ўтишни буюрди

Сеул (Жанубий Кореянинг пойтахти) барча чет эллик ишчиларга COVID-19 коронавирусини текширишни (ПЦР-тест) буюрди. Ушбу мажбурият чет элликларнинг баржа тоифаларига, виза ҳолатидан қатъи назар, шунингдек, уларнинг иш берувчиларига ҳам тегишли. Март ойининг охирига қадар тест натижалари бўлмаган тақдирда, қоидабузарларга 1760 долларгача жарима солинади. AP маълумотларига кўра, 2020 йил охирида Сеулда тахминан 240 минг чет эллик рўйхатдан ўтган эди, аммо расмийлар уларнинг қанчаси тест топшириши кераклигини аниқламадилар. — Associated Press (AP).

Ливия тарихида илк бор аёл киши ташқи ишлар вазири лавозимида ишлайди

Ливиянинг биринчи аёл вазири, ташқи ишлар вазири Нажла Мангуш 17 март куни ўз вазифаларини бажариш учун ишга киришди. Al-Marsad ахборот порталининг хабар беришича, маросим Триполидаги Ташқи ишлар вазирлиги биносида бўлиб ўтди. Мангуш 2016 йил март ойининг ўрталаридан Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган Муҳаммад Таҳер Сияла билан ўрин алмаштирди. Тантанали равишда Сияла ўз ваколатларини янги вазирга топширди. Ҳозирда, Миллий бирлик ҳукуматида (МБҲ) вазирлик лавозимларида беш аёл фаолият юритмоқда. Ливия парламенти 10 март куни МБҲга ишонч овозини берди, унинг ташкил этилиши Ливияда узоқ вақт давомида икки томонлама ҳокимиятга чек қўйди. Янги ҳукуматда 35 та лавозим мавжуд: 27 вазир, олтита давлат вазири ва портфелсиз икки бош вазир ўринбосари. — Al-Marsad.

ЖССТ AstraZeneca вакцинасини қўллашни давом эттиришни тавсия қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 17 март куни мамлакатларга AstraZeneca вакцинасини COVID-19'га қарши қўллашда давом этишни тавсия қилди. «ЖССТ AstraZeneca вакцинасини қўллашнинг фойдаси хавфдан юқори деб ҳисоблайди ва эмлашни давом эттиришни тавсия қилади», дейилади ташкилот баёнотида. Шунингдек, ЖССТнинг вакциналар хавфсизлигини баҳолаш қўмитаси AstraZeneca хавфсизлиги бўйича сўнгги маълумотларни диққат билан ўрганиб чиқаётгани ва ушбу жараённи якунлагач, натижаларни жамоатчиликка эълон қилинишини таъкидлади. Қон қуйқаларининг пайдо бўлиши, ЖССТнинг таъкидлашича, баъзан учраб туради ва юрак-қон томир касалликлари орасида учинчи ўринда туради. Aввалроқ Германия, Франция, Италия, Испания сингари қатор Европа давлатлари AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатганлиги ҳақида маълум қилишган эди. Бунга эмлашдан кейин тромбоз ҳолатларининг кузатилиши сабаб бўлди. — Интерфакс.

Байден муҳожирларни AҚШга ноқонуний киришга уринмасликка чақирди

AҚШ президенти Жо Байден муҳожирларни AҚШга, шу жумладан Мексикадан ноқонуний киришга уринмасликка чақирди. Байдендан AҚШ ҳукумати томонидан Мексика билан чегарада кўплаб муҳожирлар ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришни сўрашди. Оқ уй раҳбари, хусусан, ноқонуний муҳожирлар сонининг кўпайиши 2019 ва 2020 йилларда кузатилганини таъкидлади. Байден содир бўлаётган воқеалар унинг ноқонуний муҳожирларга нисбатан жуда юмшоқ муносабати оқибати деган даъволарга қўшилмади. «Мен аниқ айта оламан — келманглар», дея қўшимча қилди у. Шунингдек, AҚШ президенти ноқонуний равишда мамлакатга кирмоқчи бўлган муҳожирларни «ўз шаҳарларидан чиқмасликка» чақирди. Шу ҳафта AҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги мамлакат сўнгги 20 йил ичида Марказий Aмерикадан рекорд миқдордаги ноқонуний муҳожирларнинг келишига тайёр бўлиши кераклигини эълон қилди. — ABC.