Ўзбекистонда COVID-19 га қарши 660 минг дозали AstraZeneca (Covishield) вакцинаси қабул қилинди. Гуманитар юк Тошкентга 17 мартга ўтар кечаси етиб келди ва чоршанба куни тушдан кейин уни топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газеты.uz» мухбири.

Бу COVAX дастури бўйича Ўзбекистонга ажратилган 2 млн 256 минг дозанинг биринчи партияси ҳисобланади. Қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади, дея маълум қилди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс.

Вакцинанинг етиб келиши. Фото: ЮНИСЕФ

AstraZeneca билан оммавий эмлаш Наврўздан кейин бошланади, деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

Баҳодир Юсупалиев вакциналар олиб келинган қутиларни очмоқда.

«ЖССТ COVID-19 га қарши AstraZeneca/Oxford вакцинасини фавқулодда ишлатиш мумкин бўлган вакциналар рўйхатига киритгани уни COVAX орқали глобал миқёсда тарқатишга имкон берди. Ўзбекистон AstraZeneca вакцинацини тадбиқ этадиган 49 мамлакат бўлди», — деди доктор Лианн Куппенс.

Лианн Куппенс.

ЖССТ Европанинг бир қанча мамлакатларида мазкур вакцинанинг қўлланилиши тўхтатилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди. Унга кўра, «кам сонли инсонларда AstraZeneca вакцинаси билан эмлангандан сўнг, қон ивиш нормасининг бузилишига олиб келгани», «эмлашдан кейинги даврдаги ҳар қандай нохуш ҳодисалар устидан қатъий кузатув тизимининг яратилишига» имкон берди.

«Ушбу ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳозирда ЖССТ томонидан тўпланиб, синчковлик билан таҳлил қилинмоқда … Айни пайтда биз ушбу ҳодисаларнинг баъзиларида ёки барчасида вакцина ёки бошқа тасодифий омиллар сабаб бўлганми, билмаймиз. Ўрганиш ишлари тугагандан сўнг, биз ҳулосалар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қиламиз. Ҳозирча […] AstraZeneca’нинг COVID-19 ни олдини олишдаги афзаллиги уни ножўя таъсирларидан кўпроқ», — дейилади ЖССТ баёнотида.

ЮНИСEФ Ўзбекистонда COVID-19 га қарши вакцинани тадбиқ этиш миллий режасини ишлаб чиқишда кўмак берди ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича коммуникация кампаниясини болшлади. ЖССТ Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши эмлашга тайёргарлиги доирасида аҳоли билан бевосита ишлайдиган соғлиқни сақлаш ходимлари учун ўқув модулларини тайёрлашда ва уларни ўқитишда ёрдам берди.

«Вакциналарга тенг ва одилона эга бўлиш пандемияни тўхтатишда ўта муҳимдир,шу боис вакциналарга ҳамма эга бўлишини таъминлашимиз зарур», — дея таъкидлади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Мунир Мамедзаде.

Лианн Куппенс ўз нутқида Ўзбекистон вакцинацияга тайёрлигини таъкидлади ва эмлашдан кейин бўшашмасликка чақирди.

«Вакцина бурилиш нуқтасидир, аммо биз бўш кела олмаймиз. Ниқоб тақишни, қўлингизни ювишни ва жисмоний масофани сақлашни давом эттириш керак. <...> Шуни эсда тутиш керакки, вакцинани олганлигингизга қарамай, сиз ҳали ҳам вирусни юқтиришингиз ва уни тарқатишингиз мумкин. Ўзимизни ва бошқаларни ҳимоя қилиш бизнинг ахлоқий масъулиятимиздир», — деди Лианн Куппенс.

ЖССТ ваколатхонаси раҳбари, шунингдек, Европанинг бир қатор мамлакатларида AstraZeneca билан эмланганларда тромбоз ҳолатлари кузатилгандан сўнг, мазкур вакцинани қўллашни тўхтатиб қўйгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

«Бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 300 млн дозада турли хил вакциналар қўлланилган ва бирон бир вакцинанинг дозаси ҳеч бир мамлакатда ўлим билан боғлиқ эмас. Худди шу нарса AstraZeneca вакцинасига ҳам тегишли», — деб айтди ЖССТ ваколатхонаси раҳбари.

«AstraZeneca'нинг 17 млндан ортиқ дозалари турли мамлакатларда татбиқ этилган ва шу пайтгача ўлим ҳолатлари билан боғлиқлик йўқ. Ҳар қандай жиддий ножўя таъсирларни ЖССТ Вакциналар хавфсизлиги бўйича глобал маслаҳат қўмитаси орқали тўплайди ва жиддий назорат қилади. <...> Бугун ёки эртага биз ЖССТ томонидан бу борада баёнот кутмоқдамиз», — деди у.

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм (ўнгда)

CEPI, GAVI, ЮНИСЕФ ва ЖССТ ўртасидаги СОVАХ шериклиги 92 та паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун вакциналардан тенг даражада фойдаланиш имкониятини таъминлади. Уларга камида 1,3 млрд дозада вакциналар тақдим этилади. СОVАХ дастури АҚШ, Германия, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Канада, Европа Комиссияси, Япония ва бошқа донорлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Вакциналарни сақлаш совутгичи.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, «Vaccine Maitri» («Дўстлик вакцинаси») ташаббуси билан Ҳиндистон 70 дан ортиқ мамлакатларга 58 млн дозада COVID-19 вакциналарини етказиб берди, улардан қарийб 8 млн дозаси хайрия қилинди, 16,5 млн доза COVAX ташаббуси орқали ва 34 млн доза тижорий асосда етказиб берилди.