Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Aбрамов 20 майдан бошлаб Ўзбекистон чемпионатини тўхтатиб, терма жамоанинг йиғин қилмоқчи эканлигини маълум қилди. У бу ҳақда «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтган. ФИФA кунлари 31 майдан 15 июнгача давом этади.

Абрамовнинг қўшимча қилишича, «Бу қарорни у чиқармаган. ЎФА томонидан қабул қилинган қарор».

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграм каналида ушбу ҳолат бўйича кинояли пост қолдирди.

«Вадим ака 20 майдан чемпионатни тўхтатар эканлар. Биз 20 майдан кейин адашиб 2 та тур ўйинларини режалаштирганимиз учун узр сўраймиз», — деган эди Имомхўжаев.

Диёр Имомхўжаев телеграм каналидан олинди.

Бироздан сўнг, ушбу хабар каналдан ўчирилди.

Ундан сўнг, Диёр Имомхўжаев айни шу мавзуда бошқа пост эълон қилди. Унда ЎзПФЛ расман огоҳлантирилмагани таъкидланган.

«Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бунга қадар ярим йиллик тақвимни тақдим этган бўлиб, унда 20−31 май оралиғида Суперлиганинг 10−11 тур учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Тақвим Вадим Абрамовнинг ярим йиллик режалари асосида тузиб чиқилган. Бироқ ЎзПФЛ чемпионатнинг 20 май куни тўхтатилиши борасида расман маълумот олмаган. Вадим Абрамов шуни режалаштираётган бўлса, мазкур масала Мураббийлар кенгаши йиғилишида муҳокама этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки чемпионатнинг деярли бир ойга тўхтаб туриши, камида 13 та клуб режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин», — деб ёзади Имомхўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, «қолган клублар мураббийлари фикри билан ҳам қизиқиб кўриш зарар қилмайди».