2021 йилда магистрал электр тармоқлари бўйича умумий қиймати 140 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа режалаштирилган. Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда электр энергетикаси соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Улардан бири 14 та подстанцияни модернизация қилиш лойиҳасидир. Бунинг самарасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 1 минг 430 МВт қўшимча қувват яратилади. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу подстанциялардаги йиллик электр энергияси исрофи 1,5 миллион долларга, таъмирлашга сарфланадиган харажатлар қарийб 16 миллион долларга камаяди. Ҳисобга олиш тизимидаги хатоликлар барҳам топади.


Қолган 5 та лойиҳа янги подстанциялар ва магистрал электр узатиш тармоқларини қуриш ҳамда тиклашга қаратилган.

Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар белгиланган. Хусусан, 15 минг километр электр узатиш тармоқларини, 4 мингта трансформаторни янгилаш чоралари кўрилган. Бу ишлар натижасида 5 минг 377 та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади.

Президент бу лойиҳаларнинг иқтисодий самардорлиги ва ижтимоий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уларни сифатли бажариш, электр энергияси таъминоти барқарорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.