13 март куни Самарқанд вилоятида фуқаро О.Т. танишининг уйига ўғриликка тушиб, уй эгасининг икки нафар фарзандини ўлдириб, жасадларини ёқиб юборди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса Пайариқ тумани А.Навоий маҳалласи содир бўлган. Гумондор шу маҳаллада яшовчи таниши М.Т.нинг уйига яширин равишда кириб, хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, пул ва қимматли буюмларни қидирган.

Бу вақтда хонадон эгасининг 2007 йил ва 2013 йилда туғилган фарзандлари мактабдан қайтади ва унинг содир этаётган жиноятига гувоҳ бўлиб қолишади. Фуқаро О.Т. эса ўз жиноятини яшириш ва вояга етмаганларни қасддан ўлдириш мақсадида турли баҳоналар билан алдаб, ўзининг яшаш хонадонига олиб кетади.

Яшаш ҳовлиси ўртасида, ўша ерда турган ер ағдариш учун мўлжалланган белкурак билан дастлаб вояга етмаган А.Т.нинг бош ва бўйин қисмига зарба берган. Укасига ёрдамга келган С.Т.ни ҳам ушбу белкурак билан бош ва бўйин қисмига уриб, тан жароҳати етказиб уларни қасддан ўлдирган, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, гумондор О.Т. ушбу қотилликни яшириш мақсадида ўз ҳовлисида 50 см. чуқурлик қазиб, вояга етмаганларнинг жасадини ғўзапоя ва ёғоч тахталар ёрдамида ёқиб юборади. Мурда қолдиқларини эса кўмиб қўйган.

Ушбу ҳолат юзасидан жорий йил 14 март куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, в, ж, о» бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда О.Т. ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Бу ҳақда гумонланувчининг яқин қариндошига хабар қилинган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жараён эса Самарқанд вилояти прокурори томонидан назоратга олинган.