15 мартдан Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика махсус комиссиясининг 13 мартдаги қарорига асосланиб хабар берди.

Эндиликда янги тартиб бўйича:

ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;

автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.

Шу билан бирга, чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар — яъни Ўзбекистонда тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантирилади ва эълон қилинади.

Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.