Қирғизистон Ўзбекистонда жойлашган анклав ҳудуд — Сўх йўлини очишга, Ўзбекистон эса Ункар-Тоони беришга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг матбуот котиби Галина Байтерек Садир Жапаровнинг Тошкент шаҳрига ташрифи якунлари ҳақида эълон қилинган хабарда маълум қилди (бироз вақт ўтгач хабар Қирғизистон президенти сайтидан олиб ташланди, бироқ хабар АКИpress ахборот агентлиги томонидан тўлиқ эълон қилинди).

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳар икки томон ҳам ушбу ишларни кейинги уч ой ичида якунлаш кераклиги тўғрисида келишиб олишди. Давлат чегарасини қонуний рўйхатдан ўтказиш чегара ҳудудларда барқарорликни мустаҳкамлашга, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга имкон беради, дея таъкидлади у.

Галина Байтерекнинг маълум қилишича, яқин орада давлат чегарасидаги 7 та назорат пунктлари фаолияти тикланади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон юк ташиш масаласини ҳал қилишга ва агар керак бўлса, пунктларни ҳужжатларни сканерлаш учун тегишли ускуналар билан таъминлашга ваъда берган.

«Қирғизистон томони Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига транспорт ва ҳаво алоқасини очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали бемалол ўтишлари мумкин. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қирғизистонга шу вақтгача чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида низо ва сиёсий зиддият бўлиб келган Ункар-Тоо ҳудудини беришга тайёр», — деди матбуот котиби.

Давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ қолган баҳсли масалаларни махсус комиссия ҳал қилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиевнинг берган хабарларига асосланган ҳолда вилоятларнинг чегара ҳудудида ўтиш пунктлари очилиши ҳақида маълум қилган эди. Аввалига, чегара пост хизмати пиёдалар учун, уч ой ичида эса — автомобиллар учун очилади.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Кирғизистон давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларини уч ой ичида ҳал этиш белгиланмоқда, дея таъкидлаган эди. Президент «одамлар кутаётган баъзи масалалар тез орада, бюрократиясиз ва аниқ ҳал қилиниши» ҳақида маълум қилганди.