Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари давомида режалаштирилмаган тарзда маҳалларларга бориб, бевосита аҳоли билан мулоқот қилган эди. Унда аниқланган муаммолар юзасидан баъзи раҳбарлари ишдан олинган бўлса, айримларига синов муддати берилди.

Олий Мажлис Сенатининг 13 ялпи мажлисида сенат раиси бу муаммолар йиғилиб қолиши ва ҳал этилмаслигида депутатлар ва сенаторлар сусткашликка йўл қўйганига урғу берди.

«Савол туғилади, ҳудудлардаги бундай муаммоларни наҳотки жойлардаги халқ вакиллари — депутатлар ва сенаторлар кўрмаяпти. Ахир улар ҳам ўша ҳудудда, ўша маҳаллада яшайдилар. Одамлар уларга ишонч билдириб қўйибди. Қонун ваколат, давлат минбар бериб қўйибди. Қани жонкуярлик, қани фаоллик?», — деди Сенат раиси.

У шунингдек, доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларга бириктириб қўйилганини айтиб, уларни ҳам танқид қилди.

«Улар қаерга қараяпти? Наҳотки, ҳудуддаги ҳамкасблар, фаоллар билан доимий мулоқот ўрнатиб, муаммоларни кўтариб чиқиш қийин. Токи, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш кундалик ишимизга айланмас экан, одамларнинг эътирозлари кўпаяверади», — деди Нарбаева.

Юқори палата вакиласи таъкидлашича, «мазкур йўналишда бир кун ҳам зое кетиши мумкин эмас».

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига кутилмаганда ташриф буюрганда, бино ва йўлларнинг носозлигини қаттиқ танқид қилди. «Бу йўллар шармандалик эмасми?», деган эди.

Давлат раҳбари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган шаҳри ҳокими ва прокурорини «Бунёдкор» маҳалласининг ҳолати учун танқид қилган эди. «Бу сизнинг юзингиз», — деди у, ИИБ таянч пунктининг оқланмаган деворларини кўрсатиб.