Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2020 йилни сарҳисоб қила туриб, жиноятлар статистикасига ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, 2020 йилда ички ишлар ходимлари 134 та жиноят содир этган. Шундан 27 таси ўлим билан боғлиқ ҳолатлардир.

Қолган 107 та ҳолатда мансаб ваколатидан четга чиқиш, далилларни сохталаштириш, порахўрлик, фирибгарлик каби ҳолатлар аниқланган. Уларга озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар берилган.

Бундан ташқари, 2020 йилда 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан жиноят тўғри келгани, 2017 йилда эса бу кўрсаткич 229 та бўлгани қайд этилди.

Вазирнинг айтишича, ўтган йили жами 62 минг 81 та жиноятни 49 246 нафар шахс содир этган. Ушбу жиноятлардан 4 582 таси ҳануз фош этилмаган.