12 март куни соат 17:22 ларда Андижон шаҳар «1-сон» МФЙ Фурқат кўчаси 24 уй 9 хонадонда газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида ёнғин келиб чиқди. Содир бўлган ёнғиндан яшаш хонадонининг 50 кв.м. майдони ва уй-рўзғор буюмлари ёнгани айтилмоқда.

Воқеа жойига вилоят ФВБнинг 4 та ёнғин ўчириш экипажи ва 1 та автонарвони 17:25да етиб борган. Ёнғин 17:28 да ўраб олинган ва 17:40 да тўлиқ бартараф этилган. Қутқарувчилар ҳаракатлари натижасида кўп қаватли уйнинг тахминан 1200 кв.м майдонда том қисми ва қўшни хонадонлар ёнғиндан сақлаб қолинди, дейилади хабарда.

Чақнаш натижасида уй эгаси ва унинг набираси 50 фоиз термик куйиб, шифохонага ётқизилган. Чақнашнинг асосий сабаби табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши деб тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ, ССБ ва бошқа тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилиниб, содир бўлган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.