2021−2022-ўқув йили учун республика ОТМ бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мавзулар ва баҳолаш мезонлари 2020/2021 ўқув йилига нисбатан ўзгармади. Абитуриентларни яна бешта фан бўйича 105 та тест кутмоқда. Тўплаш мумкин бўлган максимал балл — 280,5.

Тест синовларида иштирок этадиган барча абитуриентлар учун мажбурий фанлар — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа), математика ва Ўзбекистон тарихи — 15 тадан саволларни (жами 45 та) ўз ичига олган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2,1 балл берилади. Битта фан бўйича абитуриент максимал 31,5 балл, мажбурий фанларнинг барча блоки учун 94,5 балл тўплаши мумкин.

Бакалавриат йўналиши бўйича тест яна иккита фан бўйича ўтказилади, уларнинг ҳар бирида 30 та савол мавжуд. Абитуриент ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл, максимал бир фан бўйича — 93 балл, фанларнинг барча блоки учун — 186 балл олиши мумкин.

Ягона фарқ — бу бакалавр йўналишларининг сони. Агар жорий ўқув йилида 301 бўлса, келгуси йил 370 бўлиши кутилмоқда.

Фанлар мажмуаси ва баҳолаш мезонлари билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.

Кириш тестларини учта эмас, бешта фан билан топширишнинг янги тартиби Ўзбекистон президентининг 2019 йил 14 майдаги фармони билан кўзда тутилган. Янги тартибнинг мумкин бўлган оқибатлари ҳақида «Газета.uz» муаллифи Комил Жалилов томонидан таҳлил қилинган эди.