Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Музработ тумани судида бир қанча жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторий устидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Суд мажлисида дастлаб тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Суд ишида жабрланувчилар тингланди.

Kun.uz хабарига кўра, «Чинора Гул барака» деҳқон бозори раҳбари Лочин Т. суд жараёнида Отабек Сатторийга қарши ариза беришга ҳеч ким ундамаганни, ўз ихтиёри билан шундай йўл тутганини билдирди.

Жабрланувчи тасвирга олишда айнан нимадан қўрққани, товламачилик содир бўлишга ундовчи айнан қайси камчилик яширилгани бўйича саволга аниқ жавоб бермади. Бундан ташқари, Сатторий айнан нимани тасвирга олганини билмаганини, лекин шунга қарамай бузилган телефон ўрнига янги телефон олишни талаб қилгани қай даражада қонунга мослигини бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлганини ва буни тасдиқловчи далилларга эга эканлигини билдирди, дейилади хабарда.

Суд иши жорий йилнинг 17 март куни давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Сурхондарё раҳбариятини танқид қилувчи блогер Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани хабар қилинган эди.

Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров «Газета.uz» га берган интервьюсида у ишни уйдирилган деб ҳисоблашини айтган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а»,"б"бандлари ва 3-қисми «а» банди (товламачилик), 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми «а» банди (ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган эди.