Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев АКИpress’га интервью бериб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини жадал ривожлантириш Қирғизистон учун «ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири» бўлиб қолмоқда.

«Биз Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилар билан яқинлашишга қаратилган стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва мамнуният билан қабул қиламиз. Ўзаро алоқаларимиз фаоллашгани туфайли сўнгги йилларда биз муаммоли масалаларни ҳал қилишда катта ютуқларга эришдик, — деди Руслан Казакбаев.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида «биз гапира олмайдиган ёпиқ мавзулар йўқ» ва «биз келиша олмайдиган муаммолар йўқ».

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда «фойдаланилмаган улкан салоҳиятга» эга ва бу йўналишда «ишларни ҳар томонлама фаоллаштириш» зарур.

Ташқи ишлар вазирининг қўшимча қилишича, COVID-19 пандемияси сабаб бўлган глобал ижтимоий-иқтисодий инқироз «икки томонлама ва минтақавий даражаларда яқинроқ халқаро мувофиқлаштириш ва ўзаро таъсир ўтказиш учун долзарб эҳтиёжни» очиб берди.

«Айни пайтда бизнинг давлатларимиз олдида савдо-иқтисодий алоқаларни ва саноат кооперациясини жонлантиришнинг дастлабки мақсадлари турибди. Ва ушбу мақсадларга эришишнинг энг самарали усули бу ўзаро савдода тўсиқларни бартараф этиш, божхона жараёнларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, электрон тижоратни ривожлантириш, шунингдек ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутувчи қўшма дастурларни амалга оширишдир», — деди Руслан Казакбаев.

Вазир сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва самарали фойдаланишни Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ривожланишининг асосий омили деб атади. «Бугунги кунда, афсуски, Марказий Осиё минтақасида ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик мавжуд эмас», деб тан олди у.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон минтақада сувдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш керак деб ҳисоблайди. «Бу ҳудудларидан дарё кесиб ўтувчи мамлакатлар сув мавжудлигидан қатъи назар, қўшни мамлакатларда суғориш учун сув ресурсларини тўплаш имкониятининг мавжуд бўлиши ҳамда рағбатлантириши учун, шу билан бирга сув кам бўлган даврда ва бир неча йил олдин ҳисобга олинган ҳолда зарурдир», — деб тушунтирди Руслан Казакбаев.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон томони 1998 йилдаги Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги Норин-Сирдарё дарё сув ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликнинг қайта тикланишини қўллаб-қувватлайди. Унда сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг компенсацион механизмини кўзда тутилган.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонга электр энергиясини импорт қилиш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилмоқда. Икки мамлакат ваколатли органлари сув ва энергетика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда «ўзаро мақбул ечимлар» топишига умид билдирди.

«Умуман айтганда, бугунги кунда мамлакатлар ўртасида тўсиқлар йўқ. Аксинча, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам сув ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича музокараларнинг муҳимлиги ҳақида умумий тушунчага эга. Менимча, бу минтақа барча манфаатдор томонларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика масалаларида келишувга эришиши учун жуда яхши асосдир», — дея таъкидлади Руслан Казакбаев.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, қирғиз томони Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига алоҳида эътибор беришини айтди.

«Қирғизистон учун берк мамлакатдан транзит мамлакатга ўтиш жуда муҳимдир. Бунинг учун бутун мамлакат бўйлаб транзит ва ички темир йўл алоқаларини ривожлантириш зарур. Бу, менимча, Қирғизистоннинг транспорт мустақиллигини мустаҳкамлаш кафолати», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа бўйича ишчи гуруҳларнинг уч томонлама эксперт учрашувлари мунтазам равишда ўтказилади ва ҳозирда томонлар музокара жараёнини давом эттирмоқдалар.

Бундан ташқари, Руслан Қозоқбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича олиб борилаётган музокараларга баҳо бериб, жараён «ўзаро тушуниш руҳида» ўтаётганини ва бугун якунланиш босқичида эканлигини таъкидлади.

«Бизнинг мамлакатларга давлат чегарасининг жуда қийин, айниқса Фарғона водийсининг аҳоли зич жойлашган қисмидаги участкалари мерос бўлиб ўтган. Бундан ташқари, биз асрлар давомида ёнма-ён яшаб келмоқдамиз ва СССР даврида бизнинг мамлакатларимиз ўртасида давлат чегараси деган тушунча деярли бўлмаган», — деди у.

«Бугун биз давлат чегарасининг бутун узунлигининг атиги 6 фоизини ҳал қилишимиз керак. Қирғизистон Ўзбекистон билан биргаликда қирғиз-ўзбек давлат чегараси чизиғини 2021 йил охирига қадар расмий рўйхатдан ўтказишни мақсад қилиб қўйган», — дея хулоса қилди вазир.