Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижрочи директори Иномжон Тоғаев Америка Овози (VoA)га берган интервьюсида электр энергияси ва газ таъминоти соҳаларида нореал қарздорликлар мавжудлиги, тизимдаги йўқотиш ва ўғриликлар ҳақида ўз фикрини билдирди.

«Жуда катта қарздорлик нимадан юзага келади? Электр энергия етказиб бериляпти, лекин йўқотишлар бор. Шу йўқотишлар жуда катта. Бир туманга электр энергия етказиб беришда алоҳида ўзининг ҳисоблагичи бор. У ҳисоблагич аҳолига тарқалгандан кейин буни таъминлаб берган ташкилот шуни ҳисоблайди. Лекин аҳолига тақсимлагандан сўнг буни ҳисобласак, дейлик 100 кВт бўлса, аҳолидан 50 кВт чиқади. Йўқотилган, ўғирланган, ноқонуний уланишлар бўлган. Бу жараён йиллар давомида тизимли бўлиб келган», — деди у.

Бу орқали тизимда юзага келган йўқотиш ва камомадлар одамларнинг гарданига тушиши айтилди. Тоғаев тизимдаги муаммоларнинг асосий сабаби — монополия эканлигини таъкидлаган.

«Шундай нореал қарздорликлар бўлганки, масалан, бирор туманнинг «Ҳудудгазтаъминот»дан қарздорлиги бор. Кейин улар келиб аҳолига «сизни бир миллион қарзингиз бор» деб киритиб қўйишган. Аҳоли эса буни тушунмасдан, тўлаб юборган. Билса ҳазил, билмаса чин, принципида ишланган. Бу ҳолат жуда ҳам кўп бўлган. Бу нарса жамиятни едиради. Энг муҳими, электр энергия — монопол ташкилот. Уларнинг камчилиги аниқланса унга масъуллар ўзларининг мутахассислари бўлади. Сиз ўз фикрингизни исботлаб берсангиз ҳам «йўқ, аслида, мана бундай», деган ғояни илгари суришади. Чунки бошқа муқобил ташкилот йўқ», — деди у.

Шунингдек, Тоғаев АСКУЭ тизими ҳақида гапира туриб, «бу онлайн сўзи номига бор», дея таъкидлади.

«Мана ҳозир Тошкентда онлайн ишлайдиган электрон ҳисоблагичларга ўтдик. Лекин бу онлайн сўзи номига бор. Пули тугаса ўчади, бироқ кейин пул тўласангиз ёқилмайди. Яна инсон фактори бўлади. Чунки программа механизми нотўғри қилинган. Кимдир раҳбар бўлиб келган, буни катта пулга сотиб олган. Иккинчи раҳбар келиб бошқа программа қилган. Тошкент шаҳарни ўзида учта программа билан ишлайди. Ва улар мутаносиб бир-бирига», — деди Иномжон Тоғаев.

«Аҳоли шундан норози. „Нимага мен пул тўламасам, сен электрни ўчирар экансан-у, пул тўласам, ёқмас экансан“, дейишади. Бу асаббузарлик», — деди федерация вакили.

Тоғаев «шу масалани ҳазм қила олмаслигини», айтди.