БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) 9 март куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига патронаж (уйга ташриф буюриш)нинг универсал-прогрессив модели бўйича 50 000 нусхада қўлланма ва китобчаларни топширди.

ЮНИСЕФ ваколатхонаси хабарига кўра, мазкур нашрлар ҳомиладор ва яқинда фарзанд кўрган аёллар, шунингдек беш ёшгача бўлган болаларга хизмат кўрсатадиган ҳамда аҳоли вакцинация, ҳомиладорлар саломатлиги назорати, касалликларни даволаш учум мурожаат қиладиган асосий хизматлар кўрсатиладиган бирламчи тиббиёт-санитария муассасалари фаолиятини янада яхшилашга қаратилган.

Материаллар болаларнинг эрта ёшдаги ривожланиши, озиқланиш ва руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича илмий далилларга асосланган халқаро тавсиялар ва стандартлар асосида ишлаб чиқилган. Улар патронаж ҳамшираларнинг касбий билим ва кўникмаларини оширишда йўриқнома бўлиб хизмат қилади.

Олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, патронаж дастурлари ота-оналик кўникмаларига ижобий таъсир кўрсатади, ота-оналар ва фарзанларнинг саломатлиги ҳамда фаровонлигини яхшилайди.

«Интеграциялашган оилавий хизматлар тўплами трансформацион модель бўлиб, оилага кўрсатиладиган хизматларни тақдим этиш бўйича катта салоҳиятга эга. Соғлиқни сақлаш тизими шаҳар ва қишлоқ жойларида, шу жумладан олис ҳудудларда оилалар, ҳомиладор аёллар ва ёш болалар билан мулоқот қилиш учун катта имкониятларга эга», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«Патронаж дастурлари индивидуал ёрдамни таъминлашда, муҳтож оилаларга ва жамоаларга тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатишда, ота-оналар ва парваришловчиларни қўллаб-қувватлашда, ҳамда уларнинг ёш болалари учун энг яхши шароитларни яратишда ҳал қилувчи ва муҳим аҳамиятга эга», — деб таъкидлади у.

ЮНИСЕФда қайд этилишига кўра, йўриқнома ва китобчаларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш универсал-прессив патронаж моделини амалга оширишдаги биринчи қадам ҳисобланади. Ҳозирда жамғарма Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда патронаж ҳамшираларни янги методикага ўргатадиган тренерлар гуруҳи тайёрланмоқда.

Янги модель ҳамшираларнинг диплом олди ўқиш ва малака ошириш тизимига киритилади. Барча саъй-ҳаракатлар натижасида тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, ёрдам ва ғамхўрликка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш мумкин бўлади, дейилади хабарда.